ШУКР ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
Шукрнинг қисмлари учтадир: тил шукри, амаллар шукри ва қалб шукри.
Тил Шукри. Аллоҳ таолонинг Зуҳо сураси 11-оятидаги “Роббингнинг берган неъматлари ҳақида сўзла”, деган сўзига бўйинсуниб, Росулуллоҳнинг “Аллоҳ таолонинг неъматини гапиришлик шукрдир”, деган сўзларини татбиқ қилиб Аллоҳнинг неъматларини гапиришлик тил билан бўладиган шукрдир.
Ривоятларда: “Ким бир неъматни яширса, ўша неъматга нонкўрлик қилибди. Ким ўша неъматни ошкора қилиб ёйса унга шукр қилибди”, дейилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятлари шукр қилиш ва ҳамд айтиш бобида ҳақиқий намуна шахсият бўлган. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббим менга Макканинг Батҳо тоғини олтинга айлантириб беришини таклиф қилди. Мен: “Йўқ, Роббим! Бир кун тўқ бўлайин, бир кун оч. Қачонки, оч бўлсам Сенга тазарруъ қиламан ва Сени зикр қиламан. Қачонки, тўқ бўлсам Сенга шукр қиламан ва ҳамд айтаман”, дедим”, деганлар.
Шунингдек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамд айтишга ҳам тарғиб қилганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг бандаларидан бир банда: “Эй Роббим! Важҳинг жалоли, султонинг улуғлигича Сенга ҳамд бўлсин!”, деса фаришталарга қийин бўладики, уни қандай ёзишни билмайдилар. Осмонга кўтариладилар. Роббимиз! Сенинг банданг бир сўз айтдики, уни қандай ёзишни билмаяпмиз. Аллоҳ (Ўзи билиб турсада): “Бандам нима деди?”, деб сўрайди. Фаришталар: “У: - Эй Роббим! Важҳинг жалоли, султонинг улуғлигича Сенга ҳамд бўлсин, деди”, дейдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла уларга: “Бандам нима деган бўлса шуни ёзинглар. Ҳатто, бандам Менга йўлиқади ва Мен унга айтган сўзини мукофотини бераман”, дейди”, деганлар.
Амаллар шукри. У Аллоҳ таоло учун амал қилишдир. Аллоҳ таоло шукр қилиш у амал эканлигига ишора қилиб: “Эй Оли Довуд! Шукр улароқ амал қилинглар!”, деган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунларини қойим қилган вақтларида уни амалий тарзда кўрсатиб берганлар. Саййида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар: “Пайғамбар алайҳиссалом тунни қойим қилардилар. Ҳаттоки оёқлари ишиб кетарди. Мен у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингиз мағфират қилинган ҳолатда нима учун бунчалик ўзингизни қийнайсиз?”, дедим. Шунда у зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?!”, дедилар”.
Қалб шукри. Бу сизга ёки бошқа бандаларга етган ҳар бир неъмат у Аллоҳ тарафидан эканлигига гувоҳлик беришингиздир. Аллоҳ таоло: “Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир”, деган. Демак, неъматларга шоҳид бўлишингиз сизни неъматларни бергувчи Зотни англашдан тўсиб қўймасилиги керак экан.
Мўмин банда Аллоҳ таоло уни шукр қилиш ва сано айтишга муваффақ қилишини ҳам ўзига берилган неъматлардан бири деб билади. Довуд алайҳиссалом: “Эй Роббим, Сенга қандай шукр қиламан, ваҳоланки, шукр қилишим ҳам Сенинг менга берган неъматинг бўлса?”, деганларида Аллоҳ: “Ана энди шукр қилдинг, Эй Довуд!”, дейди.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси