Яратилиш санаси 17.05.2023

Иймон арконлари

Бизларни Ўзига иймон келтиришга мушарраф қилган ва неъматини батамом қилиб, Исломни дин деб рози бўлган Аллоҳ таолога У Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Бизларга оламларнинг Роббисидан Ислом ва Иймон ҳақидаги таълимотларни етказган ва шахсий намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мус¬тафога саловоту саломлар бўлсин!

«Аллоҳга иймон келтириш» дейилгани, умумий гап. Лекин шариатга кўра, «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлиги, азалийлиги ва абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтирмоқ лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим. Бу ишда бировга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ақийда масалаларини биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим. 

Иймон-эътиқоднинг инсон ҳаётидаги аҳамияти чексиз эканини инсоният иймонсизлик жафосини тортиб кўрганидан кейингина тушуниб-етиб турибди. Қадимдан иймонсизликнинг турли кўринишлари зоҳир бўлиб келса ҳам у бор ҳақиқат сифатида ўртага чиққан эмас эди. Ҳамма у ёки бу тарзда иймонга юзланар эди. Кўпчиликнинг хатоси Аллоҳ баён қилган тарздаги иймонга юзланмасликда эди. Ҳеч ким Аллоҳ таолони йўқ демас, аммо кўплари унга ширк келтирар, исмлари, сифатлари ва амалларининг баъзиларини инкор қилар ёки нотўғри тушунар эдилар. Шунинг учун ҳам қадимги ақийда китобларимизда Аллоҳнинг борлиги ҳақида эмас, У Зот таолонинг тавҳиди, сифатлари, исмлари ва амаллари ҳақида сўз юритилган. Ақоид уламолари Аллоҳнинг борлигини озгина эътиборсизлардан бошқа ҳамма эътироф қилгани учун бу масалада баҳс юритиб ўтирмаганлар. Исломда иймон Аллоҳ таолодан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки дунёда ҳам ҳеч бир нарсага эриша олмаслигини қаттиқ таъкидлайди. Ислом ҳамма нарса иймон асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият беради.

Исломий нуқтаи назардаги Аллоҳга бўлган иймон Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига, холиқлигига, мудаббирлигига, розиқлигига ҳамда бош¬қа сифатлари ва исму амалларига тил билан иймон келтириш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир. Бу иймон Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек бўлиши зарур. 

Тўғри, баъзи бир уламолар иймоннинг истилоҳий маъносига амал қўшилмайди, деганлар. Лекин бу лафзий хилоф бўлиб, амал иймоннинг ажралмас қисми эканига ҳамма иттифоқ қилган. Гап иймон амал қилинмаган вақтида ботил бўладими, йўқми, деган савол юзасидан пайдо бўлган хилоф ҳақида кетмоқда. Баъзилар мўмин киши иймонга хилоф иш қилиши билан кофирга айланади, деганлар. Бошқалар эса, бу ҳолатда дарҳол иймондан чиқиб, кофирга айланмайди, яъни иймонга хилоф амал қилиши мўминни дарҳол иймондан чиқармайди, ундоқ одам катта гуноҳ қилган бўлади, қилган гуноҳи учун жавобгар бўлади. Бордию «ўша гуноҳни қилса бўлаверади», деган эътиқодда бўлса, кофир бўлади. Лекин гуноҳ қилганига афсусланиб, қайта қилмаслик аҳди бўлса, гуноҳига яраша шаръий жазо оладию мўминлиги бўйича қолади, деганлар. Бу баҳс ўтмишдаги уламоларимиз ораларида жуда қизиган. Лекин улардан бирортаси ҳам иймон тақозо қилган амалларни қилмаслик жоиз, деб айтмаган.

Ҳа, Аллоҳга бўлган иймон ўз эгасини ҳар бир нарсада Аллоҳнинг амри билан яшашга чорлайди. Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир ишим-қилмишимни Аллоҳ кўриб турибди», деган ишонч ила яшайди. Шунинг учун, у фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб яшайди. 

Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун, доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади. 

Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир нарсамни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун, доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочади. 

Аллоҳга иймони бор одам: «Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади. 

Аллоҳга иймони бор одам барча яхши фазилатларни ўзида жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади. Бу эса, ҳар бир инсон учун, ҳар бир оила учун, ҳар бир жамият учун ва бутун инсоният учун ўта муҳим нарсалар эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар. 

Ҳа, бошқа масалалар қатори иймон масаласида ҳам ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзи кўрсатганидек бўлиши керак. Инсон ўзича: «Унга иймон келтираману, бунга иймон келтирмайман», дейиши кулгили. Бунда иймон-эътиқод, дину диёнат масаласини Аллоҳ эмас, банда жорий қилган бўлади.

Аллоҳга иймон қандоқ бўлиши кераклигини Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб бериши фақат Исломдагина собитдир. Шунингдек, Аллоҳдан бош¬қа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларни Аллоҳ баён қилиб бериши ҳам фақат Исломда собитдир. Жумладан, ушбу биз ўрганаётган ҳадисда бу ҳақиқатнинг баёни қисман келгани айтиб ўтилди.

Уламоларимиз Ислом билан Иймон орасидаги алоқа, фарқ ва «қайси бири умумий», деганга ўхшаш саволлар ҳақида узундан-узоқ баҳслар қилганлар. Уларнинг бу ҳақда алоҳида китоб ёзганлари ҳам бор. Лекин гапнинг хулосаси шуки, Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетаверадиган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса, бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.

Аҳмаджонов Иброҳимжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси