ДУОНИНГ ИЖОБАТИ КЕЧИКИШИ
Ҳикмат: “Дуода бардавом бўлишга қарамай, бериш муддатининг кечикиши умидсизлигинга сабаб бўлмасин. У Зот Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи хоҳлаган вақтда ижобат қилиш кафолатини берган. Сен ихтиёр қилган нарсани сен хоҳлаган вақтда эмас”.
Шарҳ: Сен дуода астойдил бардавом бўла туриб, сўраган нарсангни берилишининг кечикиши, ўша дуо ижобатидан сени умидсизликка тушириб қўймасин. Аллоҳ таоло “Менга дуо қилинглар ижобат қиламан”, деган сўзи билан дуо ижобат қилинишига кафил бўлган. Фақатгина бу ижобат сен учун Ўзи ирода қилган нарсаларда бўлади, сен ўзинг учун хоҳлаган нарсаларда эмас. Чунки У Зот сенга нима фойдали эканлигини сендан кўра яхши билади. Гоҳида сен бирор нарса сўрайсан. Ўша сўраган нарсанг сендан ман қилиниши эса сен учун фойдалироқ бўлади. Натижада сендан Аллоҳ таолонинг ман қилиши айни фойдани сенга ато қилиши бўлади. Шунга мувофиқ, баъзан сендан ман қилиши бериши бўлса, сенга бериши эса сендан ман қилиши бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир. Сиз билмассиз” деган сўзини тасдиқлаган кишилар гувоҳ бўладилар. Шунинг учун баъзи ориф зотлар айтишганки: “Рўёбга чиқаришда сендан ман қилиниши бу айни сенга ато қилинишидир”.
Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилган вақтда сенга ижобат қилишга кафил бўлган. Сен хоҳлаб турган вақтда эмас. Мусо алайҳиссаломнинг сабридек сабр қил. Чунки сабр ва тезда ижобат бўлмаслиги бандалар учун яхшироқдур. Ўйлаб кўрмайсанми, Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг қавмига: “Роббимиз уларнинг молларини йўқ қилгин ва қалбларини қаттиқ қилгин...”(Юнус сураси), деб дуоибад қилдилар. Ҳорун алайҳиссалом омин деб турдилар. Мазкур дуо ижобати қирқ йилдан сўнг ҳосил бўлди. “У: “Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул бўлди. Бас собит туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар”, деди”(Юнус сураси) – дея Аллоҳ таоло ўша дуо ижобатини баён қилган.
Ҳадисда келадики: “Аллоҳ таоло дуода бардавом бўлувчиларни яхши кўради”.
Яна бир нақл ворид бўлганки: “Солиҳ банда Аллоҳ таолога дуо қилса, Жаброил: “Эй роббим у банданг фалончи. Уни ҳожатини раво қил!”, дейди. Шунда Аллоҳ таоло: “У бандамни тек қўйинлар. Мен унинг овозини эшитишни яхши кўраман”, дейди”.
Эй мурид, Аллоҳ таоло сенга буюрган дуолардан қилгин ва унинг хоҳишига таслим бўл! Балки У Зот сенга ижобат қилар ёки сен сўраган нарсанг эвазига сен оладиган нарсангдан кўра яхшироқ ва зиёдароқ нарсани сенга захира қилиб қўяр.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси