Яратилиш санаси 18.05.2023

Зулматни ёритган зиё

Биз бугун ҳамиша қалбимизда юксак ҳурмат ва эҳтиром ила ёд этадиган улуғ бобоколонларимиз улуғворликларининг боиси, шубҳасиз, китоб ва илм-у маърифат десак янглишмаган бўламиз. Ҳозирги сония сайин ўзгариб, ривожланиб бораётган глобал асрда  илм-у фан ва техника билан бир қаторда ёшларни  камолотига ҳалал берадиган, уларни дунёқарашини салбий жиҳатга буриб юборадиган воситалар ҳам ривожланиб бормоқда. Бунинг натижасида ёшларда китоб ўқишдан, илм-у маърифатдан  узоқлашиш кузатилмоқда. Ушбу сарлавҳа остида атоқли шахсларни китоб ўқиш ва илм-у маърифат борасида ҳикматли сўзларини келтириб ўтсак. 

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб шундай дейдилар: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар” .

Шайх Худайдод Валий айтадилар: “Менинг наздимда бир марди ҳақ олимнинг олдида бир соат ўтириш 50 000 минг йиллик зикр ва фикр қилишдан яхшироқдир”. Жалолиддин Румий айтадилар: “Қанча – қанча  йиллар керак бир марди ҳақ олим бўлиш учун ва қанча - қанча асрлар керак бир марди ҳақ валий бўлиш учун” .

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Илмни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Дунёда қандай ёвузлик содир бўлган бўлса, уларнинг барчаси нодонлик туфайли келиб чиққандир.   Абдибек  Шерозий

Қаердаки китоб ёқилса, ўша ерда кун келиб инсон ҳам ёқилади. Генрих Гейне

Агар уйингизда китоб учун жавон бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда ва мен буни рад этаман.   Терри Пратчет

Яхши китоб ўз сир-асрорини бир ўқишда фош қилмайди. Уни ўқиганинг сайин тушуниб борасан.  Стефан Кинг

Кўпчилик одамлар жонсиз деб билган китоб уларга қанчалик саводсиз эканликларини исботлаб беради.  Оскар Уайлд

Сўнги саҳифаларини ўқиётганингда уни яхши китоб эканини ҳис қилсанг, демак яна бир янги дўст билан хайрлашишга тўғри келади.  Паул Свиней

Гапиришдан олдин ўйла . Ўйлашдан олдин китоб ўқи .   Френ Лебовитз

Шоҳоно, бироқ кутубхонасиз уйга ачинаман. Жейн Остин 

Ҳамма эзгуликлар билим туфайлидир. Билим туфайли ҳатто кўкка йўл топилади. Юсуф Хос Ҳожиб

Китобларга ишонинг. Улар вақтида сукут сақлайдилар, керакли пайтда очсангиз, сўзлайдилар.

Китоб мутолаа қиладиган инсонлар телевизор томоша қиладиган инсонларни ҳамиша бошқаради. Ф. Жанлис

Дарҳақиқат илм мартабаси мартабаларнинг юқорисидир. Қайси ерда илм-у маърифат ривожланган бўлса, ўша ер бахт маскани ҳисобланади.  Қайси ерда жоҳиллик мавжуд бўлса, у ер зулмат масканидир гўё. Гўзал хулқ билан зийнатланган илм одамларни шубҳасиз бахтиёр қилади,  мартабасини баланд кўтаради. Илмдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир. 

Ўқилган билим  ўқувчисига умринг қайсидир палласида ёрдамга келиши шубҳасиз. Китоб энг яқин ҳамроҳ. У маданий дам олиш воситаси, фикрлаш учун озуқа. Умуман олганда китобни фойда ва ижобий тарафларини китобсеварларгина яхши ҳис қилишади.

Зияев Абдулқаҳҳор 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси