Ота-она масъул эмасми
Бир болани дунёга келтириб, уни тарбия қилиш икки инсон гўзал умрининг сарфлаши натижасидагина бўлади. Яъни ота-она фарзанд камоли, еб-ичиши, кийиниши, таълим-тарбиясига жавобгардир. Фарзанд Аллоҳнинг неъматларидан бири. Банда Аллоҳ берган барча неъматларига шукр қилишига, уни исроф қилмасликка буюрилади. Шундай экан биз ҳам фарзанддек бебаҳо неъматнинг шукрини адо эта оляпмизми? Уни исроф қилмаяпмизми? Бу икки сўзимизга бир оз тўҳталсак, булар нималар билан амалга ошади. Фарзанд неъматининг шукри уни берган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш ҳамда мурғаккина ушбу гўдакни ҳалол луқма билан тўйдириб, баданига ҳаловат бўладиган либосларни кийгизиб, таълим олиши учун барча шароитларни яратиб, аҳлоқ-одобига аҳамият бериб, имон-эътиқодли, Ватанига муҳаббат, халқига садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Бу ҳусусда динимизда талайгина кўрсатмалар бор. Биргина мисолга мурожаат қиладиган бўлсак бу ҳақиқатни кўрамиз. Пайғамбар (С.А.В) айтадилар: “Ота-она ўз фарзандига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди.” Биргина ушбу кўрсатма замирида олам ҳикмат яширин. Ҳақиқатдан ҳам фарзандларимизни одоб-аҳлоқда ўзгаларга ўрнак бўладиган даражада тарбия қилолсак, бизларни юзимиз, кўзларимиз қувончи бўла олади. Унинг акси бўлса мағрур бошимизни ерга қаратади.
Бугунги кунда қулоғимизга чалиниб қолаётган юртфурушларни ҳам она дунёга келтирган, ота тарбия қилган. Хўш, улар қаерда хато қилдилар. Чумолига ҳам озор беришни гуноҳ санаган эътиқодли халқимизнинг авлодидан одамларни ўққа тутаётган, аёлларни бозорларда хорлаб сотаётган, норасида гўдакларни қахшатаётган, табаррук деб ҳисобланган заминларни портлатаётган жирканч кимсалар туғилса, ватанига хоинлик қилса. Хўш бунга ким сабабчи? Биз ота-оналар албатта.
Динни нима экани, иймон ва куфрнинг фарқи, Ватан, оила, жамият тушунчалари қандайлигини тушунтира олмаяпмиз. Ўзимиз калимаю шаҳодатни тўлиқ билмаяпмизу фарзандларимизга қандай ўргатайлик, динимиз кўрсатмаларини мукаммал билмаймиз қандай уларга билдирамиз. Уларни неъматлиги, ғаниматлигини унутиб, қулдек фойдалансак, пул топиб кел деб мажбурлаб, суриштирмай чет давлатларига чиқариб юборсак. Булар айб эмасми? На бир сафардаги боламиз ҳолатидан хабардормиз, на бир ёнимиздаги боламиздан. У ёғдагиси пул жўнатаман деб либоси ислом, ғояси куфр бўлган манқурт кимсаларга қўшилиб юргандир. Ёнимиздаги эса кунлаб хафталаб уйга келмайди. Келса ҳам ярим кечаси. Бир оғиз сўраб суриштирмаймиз. Нималар қилиб юрибди. Пулни ҳалол топаяпдими харомми, кимлар билан бирга. Атрофида кимлар жамланган. Нега бепарвомиз. Ёки жарағ-жарағ келаётган пуллар бизни алдаяпдими? Кимларнидир фарзанди Ироқ ва Шом экстремистик жангчилари орасида қурол кўтариб юрибди. Кимларнидир боласи улар орасида хор-зор ҳолатида ўлиб, жаноза ва кафансиз оёғ ости бўлаяпти. Бу қанчалар дахшат.
Аччиқ бир ҳақиқат шуки, Бу инсон қиёфасидаги йиртқичларнинг ота-онаси қонун олдида жавобгар. Аллоҳнинг неъматидан қиёматда сўраламиз. Бу исрофгарчиликка, ношукрликка қандай жавоб берамиз. Бир ўйлаб кўрайлик бебахо неъмат бўлган болажонларимизни, кўзимиз оқу-қаросини асраб-авайлайлик. Уларни комил инсон руҳида тарбия қилайлик. Ватан хоини, диннинг душманига ота-она бўлиб, иснодга қолмай десак, ҳар дақиқа огоҳ бўлайлик.
Зияев Абдулқаҳҳор
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси