Яратилиш санаси 11.07.2023

МУҚАЛЛИД ИЙМОНИНИНГ ЭЪТИБОРИ

Кимгадир бирор нарсани тақиш ёки нимагадир бирор нарсани осиб қўйишга нисбатан араб тилида “қоллада” феъли ишлатилади. Шу маънода муқаллид (тақлид қилувчи) тақлид қилинганнинг сўзини гўё ўзининг бўйнига тақиб олаётгандек бўлгани учун унга муқаллид дейилади. Ақоид уламолари тақлид қилишга шундай таъриф берганлар:  “Маъсум зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзганинг сўзини далилсиз қабул қилиб олиш тақлид, дейилади”. 

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ақидада, амалда ва умуман барча ишларда эргашиш тақлид бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига далил сўралмайди, балки у зотнинг сўзлари, қилган ишлари ва “тақрир” (бирор ишни қарор топтириш)лари мусулмон киши қабул қилиши шарт бўлган далил ҳужжат ҳисобланади. Зеро, у зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш бўлади.

Демак, умрида Ислом ҳақида умуман эшитмаган кишининг олдида Аллоҳ таолога иймон келтириш лозимлиги айтилиб, шаҳодат калимаси ўргатилса, у ҳам айтувчига тақлид қилиб мазкур калимани қайтарса, шу айтганларининг ўзи билан мўмин ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими? Мана шу масалада уламолар ўртасида ихтилоф қилинган. 

Муқаллиднинг иймони эътиборлидир, дейдиганлар кўплаб ҳам ақлий, ҳам нақлий далилларни келтирганлар.   Хулосалари шуки, иймон бу мутлақо “рост деб билиш”, “тасдиқ қилиш” каби маъноларни англатади, шу маънода бировга бир хабар берилса-ю, у ўша хабарни қабул қилса, шу хабар тўғрисида унинг мутлақо билими бўлмаса-да, “рост деб билди”, “тасдиқлади” дейилади-ку. Ана шу маънода бир кишига иймонни юзага чиқарувчи калима айтилган пайтда уни тасдиқласа, у мўмин бандага айланади ва Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган нарсаларига ҳақдор бўлиб қолади. Яъни билиш билан тасдиқлаш бошқа-бошқа нарсалардир. 

Шу маънода биров шаҳодат калимасини айтса, агар олам ва унинг Буюк Яратувчиси тўғрисида мутлақо тафаккур қилиб кўрмаган бўлса-да, унинг иймони эътиборли ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз шаҳодат калимасини айтган аъробийларни ҳам мўминликка ҳукм қилганлар. Бу эса уларнинг иймонлари зоҳиран эътиборга олинишига ва қалбларининг қандай экани Аллоҳга ҳавола қилинишига далолат қилади.  

Шарифхон Юнусов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими