Авлиёлар каромати ҳақдир.
«Валий» сўзи арабча бўлиб, «яқин» дўст маъносини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.
Сирожиддин Ӯший (р.ҳ) ӯзларининг “Бадъул ъамоли” номли асарларида шундай дейдилар:
Маънолар таржимаси:
Дунё диёрида валийларнинг кароматлари, уларда (кароматларда)
мавжудлик бордир, чунки улар (валийлар) инъом аҳлидирлар.
Назмий баёни:
Дунёда валийлар кароматлари
Бўлиши шубҳасиз, улар инъом аҳли.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида Расулуллоҳ солалаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, бут ва санамларга ибодат қилаётган ва ҳидоятга эргашмаган мушрикларга шундай деб хитоб қилишни буюради: «Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий (дўст) тутадир» (196-оят). Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар», деган (62-оят).
Аллоҳнинг валий (дўст) ларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий – дўст бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ. Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат. Аҳли тасаввуф эса, валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса ўша таърифлар валийнинг тақво ва ибодатнинг, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатларнинг соҳиби ўлароқ Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир. Аммо, валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилганлигини олдинга суришган.
Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақида алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.
Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар. Аммо ўзини билган сўфийлар валийни Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар. Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач, уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.
«Уларнинг кароматларига ва ишончли кишилардан тўғри қилинган ривоятларига ишонамиз». Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо, Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларини тасдиқ қилмаймиз. Шунингдек, улардан адолатли, ишончли йўллар билан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Расулдан одатдан ташқари иш содир бўлса ва одамлар шунга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, бу нарса мўъжиза бўлади. Расулдан бошқа, аҳли тақво ва солиҳ одамдан одатдан ташқари иш содир бўлса, бу нарса каромат бўлади. Нотўғри йўлда юрган одамдан шундай иш содир бўлса, сеҳр ёки синов бўлади.
Муҳаммадиев Муҳаммадсолиҳ
"Ҳидоя" ӯрта махсус ислом
билим юрти ӯқитувчиси