Яратилиш санаси 17.05.2023

Пайғамбарлар  маъсумдирлар

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра пайғамбарлар қасддан гуноҳ қилишдан маъсум, илоҳий ҳимоя қилинган зотлардир. Куфрнинг барча турларидан ижмоъан покдирлар.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирдан-бир сифатлари маъсумликларидир. Яъни маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур етказадиган ва инсонлик қадрини кетказадиган нарсалардан четда бўлишларидир.

Сирожиддин Ӯший (р.ҳ) ӯзларининг “Бадъул ъамоли” номли асарларида шундай дейдилар:

Маънолар таржимаси:

Дарҳақиқат, пайғамбарлар қасддан исён қилишдан ва (пайғамбарлик 

мартабасидан) четлаштирилишдан, албатта, омонликда бўлганлар.

Назмий баёни:

 Пайғамбарлар ҳеч қачон қасддан исён этмаган,

 Элчилик мақомидан ажралиб ҳам кетмаган.

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг гўзал ахлоқлилари, энг пок амал қиладиганлари ва тасарруфотлари энг тўғриларидир. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликлари «исмат» тушунчаси асосидадир. «Исмат» сўзи луғатда «ман қилиш», «сақлаш» маъносини англатади. «Исмат» сўзининг шаръий маъноси эса «Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбар ва набийларини гуноҳ ва маъсият ҳамда мункар ва ҳаром ишларни қилишдан сақлашидир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини хулқий ва жасадий айблардан ҳамда бошқалар нафрат қиладиган касалликлардан ҳам асрагандир.

Чунки Аллоҳ таоло одамларни у зотларга эргашишга, иқтидо қилишга ва уларнинг йўлидан юришга амр қилган. Пайғамбар алайҳиссаломлар барча башарга яхши ўрнакдир. Агар улардан маъсият ва мункар ишлар содир бўлиши жоиз бўлса ёки мазкур нуқсонлардан бирортаси мавжуд бўлса, у нарсалар шариатда бор нарсаларга айланиб қолади. Бу эса мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини маъсум қилган. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни Ўзининг доимий инояти ила ўраган. 

У зот пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб: «Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен риоятимиздасан», деган («Тур» сураси, 48-оят).

Пайғамбарларга берилган бу мақом умматлардан бошқа ҳеч кимга берилган эмас. Авлиёлар ҳам, уламолар ҳам, қори-ю донишмадлар ҳам исматда эмас. 

Аллоҳ таъоло бизларни ҳақ йўлдан адаштирмасин.

Муҳаммадиев Муҳаммадсолиҳ

"Ҳидоя"  ӯрта махсус ислом
билим юрти ӯқитувчиси