МАҚСАДИМИЗ ҲАҚНИ ТОПИШ БЎЛСА...
Бизни инсон қилиб яратган, инсонлар орасида энг буюк неъмат — Ислом неъмати билан сийлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Инсон ҳаётидаги энг катта неъматлардан бири — ҳақни таниш. Аммо ҳақни танишнинг ўзи етарли эмас. Унга эргашиш, унда собит туриш ва ҳаётни шу ҳақиқат асосида қуриш янада улуғ неъматдир.
Биз ўзимиз эътиқод қиладиган ҳақ йўлда эканимизни фақат ўз ақлимиз, заковатимиз ёки шахсий танловимиз билан изоҳламаймиз. Балки бунинг ортида Аллоҳ таолонинг фазли, тавфиқи ва ҳидояти борлигига ишонамиз.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ مَا زَكَىٰ مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ أَبَدًا وَلَٰكِنَّ اللَّهَ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ
“Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, сизлардан ҳеч ким абадий поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайди”. (Нур сураси, 21-оят)
Шунинг учун ҳақ йўлда эканлигимиздан ғурурланиш эмас, балки бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиш ва ҳидоятда собитқадам бўлишини сўраш бизга муносибдир.
Ҳақ дин - лекин ҳукм чиқариш ҳар кимнинг иши эмас. Маълумки, Ислом дини Аллоҳ таоло наздидаги ҳақ ва мукаммал диндир. Унинг асослари Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида баён қилинган.
Ақида, ибодат, ҳалол-ҳаром ва инсон ҳаётининг бошқа муҳим масалаларида шариатнинг асосий кўрсатмалари очиқ-ойдин баён қилинган.
Бироқ бу - ҳар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисни ўқиб, хоҳлаганича ҳукм чиқариши мумкин, дегани эмас.
Чунки Қуръонни ўқиш бошқа, Қуръондан ҳукм чиқариш бошқа. Ҳадисни билиш бошқа, ҳадислар асосида фиқҳий ҳукм истинбот қилиш бошқа.
Аллоҳ таоло Наҳл сураси, 43-оятида:
﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾
“Агар билмасангизлар, зикр аҳлларидан сўранглар”, деб марҳамат қилган
Бу оят инсон билмаган нарсасини илм аҳлидан сўраши кераклигини очиқ кўрсатади. Демак, диндаги масъулият ҳар бир инсон учун бир хил эмас.
Кимдир йиллар давомида араб тили, Қуръон илмлари, ҳадис, усули фиқҳ ва бошқа илмларни ўрганиб, ижтиҳод даражасига етади. Кимдир эса бу даражага етмайди.
Шундай экан, мужтаҳиднинг вазифаси — далиллар асосида ҳукм чиқариш; мужтаҳид бўлмаган кишининг вазифаси эса ишончли илм аҳлидан сўраш ва уларнинг кўрсатмасига амал қилишдир.
Тасаввур қилинг! Инсон бетоб бўлиб қолди. Унинг олдида тиббиётга оид юзлаб китоблар бор. У шифокорга: “Мен сизга эргашмайман. Тўғридан-тўғри тиб китобларидан ўзим даво топаман”, деса, бу ишни оқилона деб бўладими?
Албатта, йўқ.
Чунки китоб борлиги — ундан ҳар ким мутахассис даражасида фойдалана олади, дегани эмас.
Тиббиёт китобларини ўқиш фойдали. Аммо ташхис қўйиш ва даволаш учун махсус тайёргарлик керак, динда ҳам шундай.
Қуръонни ўқиш — улуғ ибодат.
Ҳадис ўрганиш — улуғ фазилат.
Аммо улардан мустақил равишда шаръий ҳукм чиқариш учун илм ва малака керак. Акс ҳолда, бир хил оятни ўқиган икки киши икки хил хулоса чиқариши, ҳатто бири тўғри, бири нотўғри натижага келиши мумкин.
Шу сабабли шариатда илм аҳлига мурожаат қилиш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда баъзан: “Нега мазҳабга эргашасиз? Қуръон ва Суннатга тўғридан-тўғри эргашинг!”, деган даъватларни эшитиб қоламиз.
Аввало бир нарсани аниқ англашимиз керак: “Мазҳаб Қуръон ва Суннатга рақиб (мухолиф) эмас”.
Мазҳаб — Қуръон ва Суннатни чуқур ўрганган мужтаҳид уламоларнинг ушбу манбалардан шаръий ҳукмларни истинбот қилишдаги илмий мактабидир.
Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳлар Қуръон ва Суннатдан узоқ бўлган кишилар эмас эдилар. Аксинча, уларнинг бутун илмий ҳаёти Китоб ва Суннатни англаш, улардан ҳукм чиқариш ва умматга етказишга бағишланган. Шунинг учун оддий мусулмоннинг мазҳабга эргашиши: “Мен Қуръон ва Суннатни ташладим”, дегани эмас, балким: “Мен ўзимда мавжуд бўлмаган ижтиҳод даражасига даъво қилмай, ишончли мужтаҳид олимнинг илмий йўли орқали Қуръон ва Суннатга амал қиламан”, деган маънони англатади.
Саҳобалар ҳам ижтиҳод қилганлар.
Ижтиҳод Ислом тарихида кейин пайдо бўлган тушунча эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида ҳам саҳобаи киромлар турли масалаларда ўзларининг ижтиҳодлари билан иш кўрганлар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Яманга юборилишлари ҳақидаги машҳур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан ҳукм чиқариш манбалари ҳақида сўраганларида, у киши аввал Аллоҳнинг Китобига, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, агар улардан топилмаса, ўз раъйлари билан ижтиҳод қилишларини айтганлар.
Демак, ижтиҳод — диндан четга чиқиш эмас. Балки унинг ўз қоидалари, шартлари ва масъулияти бор.
Бугунги кунимиздаги энг катта муаммо — илм йўқлиги эмас, илмсиз фатво айтишга жасоратлилар кўпайгани.
Бугун бизга Қуръон ва ҳадисларни ўқиш имконияти жуда осонлашди. Бир телефонда минглаб китоблар бор. Бир неча сонияда юзлаб ҳадисларни топиш мумкин, аммо бу имкониятлар билан бирга яна бир хавф ҳам пайдо бўлди: Инсон ўзини билмаган нарсасида ҳам олим деб ҳис қила бошлаши.
Бир ҳадисни ўқиб — фатво бериш.
Бир оятни таржима қилиб — ақидавий хулоса чиқариш.
Бир уламонинг гапини эшитиб — асрлар давомида шаклланган илмий мактабларни рад этиш. Бу илмсизлик ила қилинган “Жасорат”дан бошқа нарса эмас, чунки илмнинг биринчи белгиларидан бири — инсон ўзининг чегарасини билиши.
Яна бир афсусланарли ҳолат бор. Баъзан айрим кишилар ўзини танитиш учун бошқа уламоларнинг обрўсини туширишни восита қиладилар.
Гўё бир олимни камситса, ўзи буюк олимга айланадигандек.
Гўё мазҳабни танқид қилса, ўзи Қуръон ва Суннатнинг ягона вакилига айланадигандек.
Аслида эса илм аҳлининг йўли бошқача. Илмий хато бўлса — далил билан кўрсатилади.
Ихтилоф бўлса — одоб билан тушунтирилади.
Бир фикрни рад этиш керак бўлса — унинг эгасини ҳақорат қилиш шарт эмас, чунки ҳақиқат шахсга боғлиқ эмас.
Биз уламоларни муқаддаслаштирмаймиз. Улар маъсум эмаслар.
Аммо уларнинг илми, меҳнати ва умматга қилган хизматларини ҳам инкор қилмаймиз.
Олимнинг хатосини кўрсатиш мумкин, аммо унинг бутун илмий меросини битта хато билан йўққа чиқариш инсоф эмас.
Бизнинг мақсадимиз кимни енгиш?
Ўзимизга бир савол берайлик:
Биз дин ҳақида баҳслашганда мақсадимиз нима?
Бирор кишини енгишми?
Ўзимизни билимдон қилиб кўрсатишми?
Одамларнинг эътиборини қозонишми?
Ёки ҳақиқатни топишми?
Агар мақсадимиз ҳақни топиш бўлса, унда шахсий ғурурни четга суришимиз керак.
“Менинг фикрим” эмас, “ҳақиқат нима?” деган савол биринчи ўринда туриши лозим.
“Ким айтди?” деган саволдан олдин:
“Нима далил?” деб сўраш керак.
Аммо далилни тушуниш учун ҳам илм аҳлига мурожаат қилиш лозим.
Чунки ҳақиқатни излаш — фақат далилни топиш эмас, далилни тўғри тушуниш ҳамдир.
Юқорида айтиб ўтилган мулоҳазалардан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Биз мусулмон ўлароқ, барчамиз ҳақ йўлни топишни исташимиз ҳаётий зарурат.
Аммо ҳақ йўлни топиш фақат ўз ақлимизга ишониб қолишимиз билан эмас, Аллоҳнинг ҳидояти ва улкан фазли билан бўлади, деб билиш.
Уламолар — умматнинг илмий меросини сақлаб келган инсонлар.
Мазҳаблар — шариатни тушунишда шаклланган буюк илмий мактаблар.
Ижтиҳод — ҳар ким хоҳлаганида қиладиган иш эмас, балки унинг ўз шартлари ва аҳли бор.
Шунинг учун илмда ўз ўрнимизни билишимиз, билмаганимизда илм аҳлидан сўрашимиз, уламоларга нисбатан одобни сақлашимиз ва энг муҳими, баҳсда шахсни эмас, ҳақиқатни излашимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳақни ҳақ деб таниб, унга эргашадиган; ботилни ботил деб таниб, ундан сақланадиган; илм аҳлини қадрлайдиган ва ўз нафсимизни ҳақиқатдан устун қўймайдиган бандаларидан қилсин.
Таълим муассасаси ўқитувчиси Хошимов Нуриддин манбалар асосида тайёрлади