Яратилиш санаси 22.07.2021

Диний қадриятларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз.

Муқаддас динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида амалга ошириладиган қурбонлик ва унинг ҳукмлари ҳақида сўз юритмоқчиман. Қурбонлик диний бир ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий, ижтимоий ва иқтисодий аҳамияти ҳам бор. Қурбонлик шу жиҳати билан ҳам исломдаги ўзаро ижтимоий ёрдамлашишнинг гўзал бир намунасини ташкил этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз мўминларни хайр-эҳсон қилиб, бир-биримизга яхшилик қилишимизга даъват этади:

 “Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз”. “Бақара” сураси  267-оят.

Ҳаммамизга маълумки, собиқ шўролар тузуми даврида юртдошларимизни динимизнинг асосий манбаи Қуръони карим ҳамда ҳадису шариф, уларнинг тафсир ва шарҳлари, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва Қуръони каримда номлари зикр қилинган бошқа пайғамбарларнинг тарихлари, ислом динимиз тарихи, одоб-ахлоқ, ҳалол-ҳаром, диний ва миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиздан бе баҳра қолдиришга уринишлар бўлди. Жамоа бўлиб ҳайит намозларини ўқиш у ёқда турсин ҳатто беш вақт намозларни масжидга чиқиб ўқиш, жаноза маросимларида иштирок этиш, рўза тутиш, ифторлик қилиш каби амалларни бажариш имконияти йўқ эди. Ҳаж сафарига боришни фақат орзу қилиш мумкин эди. 

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг биз йўқотишимизга яқин қолган ўша қадриятларимиз яна қайта халқимизга туҳфа этилди, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар яратиб берилди. Халқимиз ўзларининг диний ибодатлари ва урф одатларини яна эмин-эркин адо қилиш имкониятига эга бўлди. Мамлакатимиз фуқароларининг виждон эркинликлари конституция орқали кафолатланди:

“Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. 

Диний урф одат ва маросимларни фуқароларимиз ўзлари хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойларда ўтказиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу ҳақда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда шундай қайд қилинган:

“Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эга.

Ибодат, диний расм-русмлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларни тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади”.

Республика Президентининг фармони билан “Рамазон” ва “Қурбон” ҳайитларини дам олиш куни деб эълон қилиниши, муборак ҳаж сафарига борувчилар эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз ибодатларини адо этиб, соғ-саломат уйларига қайтишлари учун барча шароитларни яратиб берилиши, муқаддас ислом дини, ислом фалсафаси ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламо ва азиз – авлиёларнинг табаррук номлари билан боғлиқ Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурурдий, Ҳазрати Имом, Шоҳи Зинда, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий каби мамалакатимиз ҳудудидаги қутлуғ зиёратгоҳ ва қадамжоларни сақлаш ва ободонлаштириш, уларнинг илмий-маънавий меросларни ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар миллий ва диний қадриятларимизга берилаётган катта эътибор эканлигига яна бир далолатдир.

Халқимиз анъаналарига муқаддас ислом динининг рукнлари сингиб, миллий урф одатларига айланиб кетганки, уларни айри ҳолда тасаввур қилиш мушкулдир. 

Айтмоқчиманки, биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз.

Аброрхўжа Рашидов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими