БАЙ СЎЗИНИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ИСТИЛОҲИЙ МАЪНОСИ
Биз савдо деб таржима қилган сўз арабчада байъ дейилиб, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади.
Шариатда эса, бир молни иккинчи бир мол муқобилига айжоб ва қабул ила олишга «байъ» деб аталади. Қисқа қилиб айтганда савдо сўзи тижорат сўзидан умумийроқ бўлиб бугунги куннинг тилида, бозор иқтисоди маъносига тўғри келади. Савдонинг ҳукми аввало Қуръони каримда баён этилган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида «Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони харом қилди» дегн (275-оят). Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, зарар кўришнинг ҳам эҳтимоли бор. Тажоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.
Судхўрчи? у ҳеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ.
Инсон ёлғиз яшай олмайди. У ўзига ўхшаш бошқа инсонлар билан яшайди. Бошқалар билан яшагач, улар билан муомалада бўлиши нарсаларни айирбошлаши, олди-берди қилиши аниқ. Агар бу муомалалар тартибга солинмаса кучли кучсизни, ақлли ақли озни алдаши, ҳаққини поймол қилиши турган гап.
Энг муҳими бу муомалалар ҳам ибодатдир. Бу дунёда ҳалол топилган ризқ баракали бўлади. Охиратда эса шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади. Инша Аллоҳу таъало.
Абу Саъийддан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўй, омонатли тожир Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», - дедилар». Термизий ривояти. Расулуллоҳ с.а.в. қайтарган ва ўша қайтарган нарсаларга ўхшаган савдодан бошқа барча савдолар мубоҳдир.
Абдуллаев Азимжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси