Улумул қуръон
Қуръони Карим бутун инсоният учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган катта инъом бўлиб, дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам у билан рақобатлашадиган бирор неъмат йўқдир.
قُرْآنًا عَرَبِيًّا غَيْرَ ذِي عِوَجٍ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
«Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки, тақво қилсалар»[1] .
У бутун башарият учун шифодир. Уни тиловат қилиш, унга қараш, уни эшитиш ва эшиттириш, уни ўрганиш ва ўргатиш, унга амал қилиш ва уни ҳар томонлама ёйишга хизмат қилиш дунёю охират саодатидир.
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ الْجُهَنِىِّ قَالَ خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَنَحْنُ فِى الصُّفَّةِ فَقَالَ « أَيُّكُمْ يُحِبُّ أَنْ يَغْدُوَ إِلَى بُطْحَانَ أَوِ الْعَقِيقِ فَيَأْخُذَ نَاقَتَيْنِ كَوْمَاوَيْنِ زَهْرَاوَيْنِ بِغَيْرِ إِثْمٍ بِاللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ وَلاَ قَطْعِ رَحِمٍ ». قَالُوا كُلُّنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ. قَالَ « فَلأَنْ يَغْدُوَ أَحَدُكُمْ كُلَّ يَوْمٍ إِلَى الْمَسْجِدِ فَيَتَعَلَّمَ آيَتَيْنِ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ خَيْرٌ لَهُ مِنْ نَاقَتَيْنِ وَإِنْ ثَلاَثٌ فَثَلاَثٌ مِثْلُ أَعْدَادِهِنَّ مِنَ الإِبِلِ ».
Уқба ибн Омир Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Бас, у Зот:
«Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақийққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб келишни хоҳлайди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик.
«Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», дедилар у Зот».
عَنْ عثمان بن عفان - رضي الله عنه - : أَنَّ رسولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قال: «خيرُكمْ من تعلّمَ القُرآنَ وعَلَّمَهُ». أخرجه البخاريُّ والترمذي ، وأبو داود.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир»[2], дедилар»[3].
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Карим тиловати, маъноларини ўрганиш, унга амал қилиш ва уни етказиш фазилатларини баён қилиб, умматни унга қизиқтирганлар. Юқоридаги ҳади ўшандай ҳадислардан бири бўлиб, бу маънодаги ҳадислар жуда бисёрдир. Уммати Муҳаммадия Қуръони Карим ва Унинг илми ҳамда Уни ва Унинг маъноларини ёдлаш борасида шунчалар хизмат қилганларки, уни кўриб ақл лол бўлиб қолади.
Мусулмон уммати Қуръони Карим маъноларини ўрганганликлари ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бу уммат илоҳий китоб лафзларини, ҳаракоту саконатларини ва ҳарфларини тўғри адо қилиш борасида алоҳида илмларга асос солганлар. Дунёдаги бирор дин ва тилда ундай илмлар мавжуд эмас. Масалан, «Тажвид ва қироат»илмини олиб қарайлик, у фаннинг тафсилоти ва нозик қирраларига бағишлаб ёзилган матн ва шарҳ тарзидаги китобларни бир жойга тўпланилса, алоҳида бир кутубхона бўлади.
Уммат пешқадамлари Қуръони Каримга турли-туман жиҳат билан хизмат қилганлар. Улардан бир гуруҳлари «Улумул Қуръон» йўналишида китоблар ёзганлар.
«Улумул Қуръон» катта бир илм йўналиши бўлиб, унда Тафсир илмининг қоидалари, усуллари ёритилади. Шу билан бир қаторда, Қуръони Карим Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қандай нозил қилинди?, Ваҳийнинг ҳақиқати нима?, Аллоҳ таолонинг ушбу китоби қандай тартибда нозил қилинган?, Қанча муддатда Унинг нозил қилиниши мукаммал бўлган?, Сураларни Маккий ва Маданийга ажратилишидан мақсад нима?, Оятларнинг сабаби нузили, Қуръони Каримни тафсир қилишда сабаби нузул илмининг аҳамияти нимада?, Қуръони Каримнинг бирор ояти насх қилинганми?, Қуръони Каримнинг турли ҳарфи ва қироатидан мурод нима?, Қуръони Карим қандай мазмунларни ўз ичига олган?, Аллоҳ таоло ушбу китобни қандай муҳофаза қилади?, Қуръони Каримнинг китобати ва нашрига қанча вақт бўлди?, Қуръони Каримни тафсир қилишда қандай қоида ва одоблар мавжуд?, Аллоҳ таолонинг ушбу каломини тўғри тушуниш йўли қандай?, Ушбу йўлда қанчадан-қанча адашган инсонлар нотўғри йўлга кетиб қолдилар? ва шу каби саволларга Улумул Қуръон илми тўлиқ ва батафсил жавоб беради.
Араб тилида Улумул Қуръон фани бўйича Заркаший (раҳматуллоҳи алайҳ) ал-Бурҳон фий улумил Қуръон (тўрт жилддан иборат), Суютий (раҳматуллоҳи алайҳ) «ал-Итқон» (икки жилддан иборат), Шайх Зарқоний (раҳматуллоҳи алайҳ) «Манааҳилул ирфон» (икки жилддан иборат) каби китоблар ёзганлар. Ушбу китоблар ҳозирги кунгача толиби илмлар қўлида қўлма-қўл бўлиб, фанга доир манба сифатида асосий ўрин тутади.
[1] Зумар сураси 28-оят.
[2] Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
[3]. Гулобод Қудратуллоҳ қизи. “Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари” – Т: Мовароуннаҳр, 2011.
Мамадалиев Маҳмудхон
билим юрти ўқитувчиси