Яратилиш санаси 20.07.2021

Қурбонлик тарихи

Қурбонлик ибодатининг тарихи анча қадимийдир. Бугунги кўриниши Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалади. Иброҳим алайҳиссаломнинг қурбонлик қилганликлари ҳақида манбаларда бир қанча ривоятлар бўлиб, айрим ривоятларда Исҳоқ алайҳиссаломни ётқизгани тўғрисида ҳам айтилади. Масалан, Носируддин Бурҳониддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” китобида ҳам бу ҳақда шундай дейилади: “Уламолар аросинда ихтилофлар бор. Забиҳ Исмоилму ё Исҳоқму? Араб Қамуғи айтур забиҳи Исмоил турур. Араб қамуғи Исмоил турур. Жуҳудлар Тавротда хабар берурларким забиҳи Исҳоқ турур. Анинг учунким жуҳудлар, тарсолар Исҳоқ уруғиндин турурлар”.

Саҳобалардан Абу Бакр, Ибн Аббос, Ибн Умар розияллоҳу анҳулар, Ҳасан, Саид, Шаъбий, Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқалар қурбонлик қилинган Исмоил алайҳиссалом эди деганлар. Қуръони каримнинг “Соффат” сурасида ушбу воқеа ҳақидаги бир неча оят нозил қилинган. 

Иброҳим алайҳиссаломни қавми оловда ёндириб юбормоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло у кишини оловдан саломат чиқарди. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом: “Албатта мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчидурман. Унинг ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур” (“Соффат” сураси  99-оят) – дедиларда дину диёнат учун ҳижрат қилишни афзал кўрдилар. 

Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар.  Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳдан фарзанд сўрадилар.

“Эй, Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!”. (“Соффат” сураси 100-оят)-, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло деди:“Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисида) хушхабарни бердик”. (101-оят)

Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун бу жуда буюк бир хушхабар эди. Узоқ давом этган фарзандликсиздан кейин фарзандли бўлиш қанчалик бахт! Узоқ давом этган фарзандсизликдан сўнгра, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди. 

“Иброҳим пайғамбар бир куни туш кўрадилар. (Саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтишларига қараганда Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг кўрган тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган ўғиллари Исмоил алайҳиссалом тўғрисидаги Аллоҳнинг амрига тўла розилик билан бўйсиндилар). Тушларида, “Тургил, қурбонлик қилгил” деган ваҳий келади. Иброҳим уйқудан турди, юзта қўйни келтириб, қурбонлик қилди. Иккинчи кеча яна туш кўрди, яна “Эй, Иброҳим тур ва қурбонлик қил”, деган ваҳий келади. Иброҳим тонг отиши билан уйқудан уйғонди ва юз туяни қурбонлик қилди. Учинчи кеча яна туш кўрдилар ва яна шу ваҳий такрорланди.  Ваҳийга жавобан Иброҳим алайҳиссалом  айтдилар: “Мен нимани қурбонлик қилайин?” айтдилдики, “Биздан бошқа кимни яхши кўрсанг шуни қурбонлик қил”, яъни “болангни қурбонлик қил”. Иброҳим билдики, ўғли Исмоилни қурбонлик қилиши керак. Иброҳим хотини Ҳожарга айтди: “Бир азиз дўстим бор, ўғлим Исмоилни келтир деб сўради. Энди Исмоилнинг бошини юв, унга элтайин”. Ҳожар Исмоилни ювинтирди, сочини таради, янги кийимлар кийинтирди. Исмоил ниҳоятда очилиб кетди. У ниҳоятда гўзал йигитча эди... Иброҳим ип ва пичоқларни олиб, тоғ томонга юра бошлади. Исмоил ҳам отаси билан биргаликда тоғ томон юра бошлади. Буни кўрган шайтон одам сифатида Исмоилнинг ёнига келиб: -“Сени отанг қирга нима учун олиб бораяпди?”- деди. Исмоил: -“Отам дўстининг ёнига олиб бораяпди”,- деди. Шайтон айтди:-“Отанг сени қурбонлик қилиш мақсадида олиб кетаяпди”,- деди.  Исмоил: “Қайси ота ўз ўғлини қурбонлик қилади?”- деди.  Шайтон “Аллоҳнинг буйруғига асосан сени қурбонлик қилмоқчи”,- деди.  Исмоил шайтонга айтдики: “Агар Аллоҳнинг буйруғи билан отам мени қурбонлик қилса, шу жонимни фидо қилдим”, - дедилар ва рози бўлдилар. Шайтон Исмоилни Аллоҳга бўлган эътиқодидан қайтара олмаслигини билди ва яна турли васвасалар қила бошлади. Исмоил отасига, ёнида бир қари киши унга турли бўҳтонлар гапираётганлигини айтди. Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: “У шайтондир, эй Исмоил, унга тош отгин, кетсин”. Исмоил етти дона тош олиб, шайтонга отди ва Иброҳим алайҳиссалом ҳам етти тош олиб отди.(Шу тош отиш ҳожиларга суннат бўлиб қолди ва ҳозиргача ҳожилар бунга амал қилади). Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом йиғладилар. 

“Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй, ўғилчам! Мен тушумда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!”, -деган эди, у айтди: “Эй, отажон! Сизга (тушунгизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. (“Соффат” сураси 102-оят). Аммо илтимосим шулки, сўйиш олдидан менинг қўл-оёғимни маҳкам боғланг, пичоқ азобидан талпиниб, сизга озор бермайин, юз-кўзимни боғлангки, оталик меҳри билан пичоқ тортишга иккиланиб қолманг”. Шундан кейин Иброҳим Исмоилнинг қўл-оёқларини боғлаб, бўғзига пичоқ тортди, кучи борича ҳаракат қилди, аммо пичоқ кесмади. Иброҳим алайҳиссалом етти марта пичоқ тортдилар, аммо барча ҳаракатлари бекор кетди. Пичоқни тошга урган эди, тошни кесди. Шунда ваҳий келдик,

“Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйинсиниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга биз нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофатлаймиз. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофатлаймиз. Дарҳақиқат, у бизнинг мўмин бандаларимиздандир”. (“Соффат” сураси 103-111-оятлар). 

Ҳа, Аллоҳ таоло пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, дедики: Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофатлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофатдир. Чунки, шу синовлар орқали улар ажр савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофат борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса, мукофатдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди. Иброҳим алайҳиссаломга ўғилларини қурбонликка сўйиш амри очиқ-ойдин синовнинг ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у зот яхши ўтдилар. Ўғиллари ҳам саломат қолди. Иброҳим алайҳиссалом қурбонлик учун фарзандларини сўйишга ҳам тайёр эканликларини билдирдилар, уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тирадилар. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйдилар. Бу ишлар Минода -  ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтган. Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди. Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар. Бу улуғ фидокорлик қиссасини ўзлари қайтадан яшайдилар. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломдек Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Бу фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар. 

Шавкатжон Мадаминов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси