Яратилиш санаси 28.09.2023

“Қалам” сураси 4-оятидаги 12 та балоғат нукталари

Маъноси: Ва (иззатим ва азаматимга қасамки) албатта (ўта ишончли тарзда, заррача шаксиз, аввалдан то қиёмат қадар, менинг муқарраб бандам ўлароқ) фақат сизгина (ҳеч йўқолмайдиган, чеки ҳам йўқ, барча) буюк хулқларнинг тепасида (мудом)сиз. (“Қалам” сураси, 4-оят)

Меҳрибон Роббимиз суюкли Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламни мадҳ этган ушбу ояти каримада бир қанча нозик жиҳатларни баён қилган:

1. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг мақтовларини қасам мақомида келиши. Зеро, қасамсиз оддий жумла билан ифода этилмасдан, бу васфларни қасам билан ифода этиляпти. Бу эса ушбу ишни улуғлигига далолат қилади.

2. Ояти кариманинг маъносини қайта-қайта 3 маротаба таъкидланиши. Яъни, қасам, إنَّва ل билан таъкидлаш орқали хабарда заррача шак йўқлигини ифода этиляпти.

3. إنَّ қўлланиши. Ушбу сўз чуқур таъкидни билдиради. Чунки уни қалбларнинг туб-тубида ўрнашиб кетган хабарларда ишлатилади.

4. Хитобни билдирадиган كَни қўлланиши. Бу хослашни англатади. Яъни, ушбу сифатлар фақат сиздадир маъносида.

5. كَ даги хитоб маъноси. Зеро, бунда хитоб қилувчи зот оламларнинг эгаси бўлган Аллоҳ таоло бўляпти. Бу хитоб қилинувчини улуғлашни билдиради. Шу билан бирга ўзига яқин олишни билдириб, хитоб қилинаётган зотни маҳбуб ва муқарраблигини англатади. Чунки كَқаршисида турганга ишлатилади.

6. Жумладаги хабарни ل билан таъкидланиб келиши. Бу хабарни янада қалбларга ўрнаштириб ташлашга хизмат қилади.

Юқори бўлиш маъносини англатадиган عَلَى нинг келиши: 

7. Бу барча хулқларни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан қуйида, ул зот эса уларнинг устида эканликларидан уларнинг барчасини қўлга киритганларига киноя бўлади. 

8. Ул зотнинг мартабаларини баланд эканига ҳам далолат қилади.

9. Ул зотнинг бу хулқларда чавондоз каби ниҳоятда ўрнашиб кетганликларини билдиради. 

10. خُلُقٍни накра шаклида келиши. Бу умумийликни билдиргани учун хулқларни бирортасига чекланиб қолмасдан барча хулқларнинг эгаси маъносини ифода қилади.

11. Сифати мушаббаҳа бўлган عَظِيمٍни хабарга сифат бўлиб келиши. Бу биринчидан сифати мушаббаҳа бўлгани боис эгасидан ажралмайдиган сифатга далолат қилади. Яъни, сиздаги бу хулқлар ҳечам ажралмасдир маъносида. Иккинчидан унинг накра шаклида келиши умумийликни ифода этгани учун барча буюк хулқлар эгасисиз деган маънони англатади. Яъни, сиз кичик чексиз хулқларнинг эгаси эмас, балки ҳам чексиз, ҳам улуғвор хулқларнинг эгасисиз маъносида.

12. Юқори баҳо бериш оламларнинг Подшоҳи бўлган зотдан бўлиши. Зеро, баҳони қандайлиги унинг баҳо берувчисига нисбатан бўлади. Бу ушбу баҳони инсон ақли етмайдиган даражада эканлигини билдиради.

Раҳматиллаев Одилжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси.