Яратилиш санаси 29.09.2023

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар бир  халқий (ташқи кўринишларидаги) ва хулқий сифатларида башарий камолот билан мукофотлади. Энг тўғри ва одил маънавий сифатлар ҳамда энг яхши ва энг чиройли ҳиссий сифатлар билан сийлади. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умуман олганда анбиёларнинг энг чиройлиси эдилар. Юсуф алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳусн ва малоҳатда жуда катта улуш берди. Шундай дfражадаки, аёллар у кишинининг ҳуснларини кўрганларида ўзларини тийиб тура олмай қолдилар. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

فَلَمَّا رَأَيْنَهُ أَكْبَرْنَهُ وَقَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ وَقُلْنَ حَاشَ لِلَّهِ مَا هَذَا بَشَرًا إِنْ هَذَا إِلَّا مَلَكٌ كَرِيمٌ

“Бас, уни кўришгач, унга маҳлиё бўлдилар ва қўлларини кесиб олдилар ҳамда: «Ё, Аллоҳ! Бу башар эмас! Бу (азизу) мукаррам фариштанинг ўзгинаси-ку!» дедилар”(Юсуф сураси, 31-оят).

Аллоҳ азза ва жалла Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳаддан ташқари жамол ва ажойиб ҳусн ато қилган эди. У зотнинг ҳуснлари барча анбиёлар ва бутун башарнинг жамолини маҳв этар эди. Бундан ташқари,у зотнинг жамолларига ҳайбат ҳам бириктирилган эди. 

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фатҳ куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир киши гаплашди. Сўнгра уни титроқ тутди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: 

هَوِّنْ عَلَيْكَ إِنَّمَا أَنَا ابْنُ امْرَأَةٍ مِنْ قُرَيْشٍ كَانَتْ تَأْكُلُ الْقَدِيدَ

Тинчлан, мен ҳам қуритилган гўшт еган қурайшлик аёлнинг фарзандиман холос” (Имом Ибн Можа, Ҳоким, Табронийлар ривояти). 

Амр ибн Осс розийаллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг кўп ҳаё қиладиган киши эдим. Кўзларим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тўла қамраб ололмас эди” (Имом Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари Ҳассон ибн Собит розийаллоҳу анҳу у зотни мадҳ қилиб ёзган қуйидаги шеърида қанчалар ҳам рост сўзлаган эди:

Сиздан чиройлисини бирон кўз олдин кўрмаган,

Сиздан яхшисин эса ҳеч бир она туғмаган.

Сиз ҳар барча айбдан холи бўлиб туғилгансиз, 

Худди ўзингиз хоҳлагандек яратилгансиз.

“Тушларимга киринг ё Расулуллоҳ” китоби асосида тайёрланди

Абдуқаҳҳор Зияев 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси