Яратилиш санаси 25.07.2021

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИДАН ИБРАТЛАР

Уламоларимиз Қуръон ўз ичига асосан учта катта мавзуни ўраб олганини айтадилар. Этиқодий масалалар, диний ҳукмлар ва ўтган қавмларнинг қиссалари. Қуръони каримда биздан аввалги ўтган баъзи қавмлар ва шахсларнинг амаллари мақталса, баъзиларининг қилган ишлари ёмонланади. Ҳар иккисида ҳам биз учун кўплаб ибратлар бор. Мақталганларидан ўрнак олишимиз, ёмонланганларнинг амалларидан сақланишимиз даркор! 

Маълумки, Қуръони карим қиссалари ичида энг чиройлиси Пайғамбар Юсуф алайҳиссалом қиссасидир. Бу қиссанинг бошқаларидан фарқи сура тўлиғича Юсуф алайҳиссаломнинг бошидан кечирган воқеаларга бағишланган. Бунинг устига сурада қизиқувчилар учун кўплаб ибратлар бор. Қуръони каримда шундай дейилади.

Мазкур сура Маккада, Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун оғир синовлар бўлган паллаларда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг машаққатли синовларни босиб ўтишлари ва натижада нажот топишларини эслатиш билан  Пайғамбаримиз алайҳиссаломга кучли тасалли берди. Охир-оқибат У Зот алайҳиссаломнинг ҳам ишлари нажот топиши, Ислом ер юзига тарқалиши хушхабарини берди.

Сурани ўқиш асносида қуйидаги ибратларга дуч келамиз. Сир сақлаш Юсуф алайҳиссалом оталари Яқуб алайҳиссаломга ажойиб туш кўрганини айтганларида, У Зот одатда ёш болалар бундай туш кўрмаслиги, бу туш келажакда Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлишига башорат эканини билдилар. Ўзи бусиз ҳам Юсуф алайҳиссаломга ҳасад қилиб юрадиган акаларидан, душманлиги ортиб кетмаслиги учун, бу тушни сир сақлашни буюрдилар. Демак, бундан келиб чиқадики, инсон ўрни келганда сир сақлашни ҳам билиши зарур. Хусусан, оилавий сирлар ёки ўзга мўмин-мусулмонларнинг бизга ишониб айтган сирларига омонатдор бўлишимиз керак бўлади.

 Ҳасад шундай ёмон иллатки, ҳатто у Яъқуб алайҳиссалом оиласида тарбия кўрган кишилар – Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай акаларини ҳам четлаб ўтмади. Ҳасад сабабли улар Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни айблашди. Лекин Юсуф алайҳиссаломдаги фазилатлар Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган фазилат эканини кўра олмадилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси устун келувчидир. Инсонни ҳақдан тойдирувчи амаллардан узоқ бўлиш, уларга киришмаслик вожибдир. 

Юсуф алайҳиссаломни Миср азизининг хотини зинога чорлаганда ундан четландилар, гуноҳга қўл урмадилар. Юсуф алайҳиссалом қийин имтиҳондан ўтдилар  чиройли, мансабдор ва хўжайин хотин зинога чорласада, кучли имонлари сабабли, гуноҳдан воз кечдилар, шариатда собит турдилар. Аллоҳ таолодан бу фитнани кетказишни сўраб дуо қилдилар. 

 Аллоҳ таолонинг розилиги ва унинг жаннатига етакловчи ҳақ йўлга эргашиш, У Зотнинг ғазаби ва азобига дучор қиладиган ишлардан сақланиш вожибдир. Бу нарса Юсуф алайҳиссаломнинг зино қилишдан ва саройдаги аёлларнинг чақириғига юргандан кўра машаққатли бўлсада зиндонни танлаганларида кўринади. 

Юсуф алайҳиссалом катта қийинчиликларни бошидан кечирдилар акалари қудуққа ташлаб кетишди, У Зотни карвон аҳли қудуқдан чиқариб олиб, Мисрда қул қилиб сотишди, Миср азизининг хонадонида аёллар макрига ва туҳматига учраб, бир неча йил зиндонда ётдилар. Бу қийинчиликларни Аллоҳ таолонинг синови деб билганлари сабабли, бир неча йиллардпн кейин ҳасадгўй акаларига дуч келганларида ҳам, уларга яхши муомала қилдилар. Уларнинг қилмишларини кечирдилар. Мана шу бағрикенглик барчамизга катта ибратдир. 

Яна бу қийинчиликлар У Зотни ҳақ йўлдан, пайғамбарлик вазифасини бажаришдан тўса олмади. Ҳатто зиндонда икки ҳамроҳлари туш таъбирини сўрашганда, уларга аввал Аллоҳ таолони танитишдан гап бошлаб, диннинг моҳиятини баён қилдилар.

 Ўзидан зарар ва зулмни кўтариш учун одамлардан ёрдам сўраш жоиздир. Юсуф алайҳиссалом имонлари комил зот эдилар, шу билан бирга зиндондаги ҳамроҳларидан зулм ва туҳматдан қутилиш учун ёрдам сўрадилар.

Натижада бир неча йиллардан кейин, подшоҳнинг тушини таъбир қилиш керак бўлганда, ўша киши Юсуф алайҳиссаломни эслайди ва У Зотни зиндондан чиқишига сабаб бўлади. Лекин ёрдам сўраш савоб-эзгу ишларда бўлиши керак, гуноҳ ишларда эмас!

 Инсон ҳаёти давомида учраган туҳматлардан ўзини поклаши керак бўлади. Юсуф алайҳиссалом сарой аёлларининг макри ва бўҳтон билан зиндонга тушиб қолдилар. Вақти келиб подшо У Зотни ҳузурига чақиртирди. Зиндондан чиқиш пайтида, У Зотни халқнинг олдида зино туҳматидан пок эканини эълон қилишларини талаб қилдилар. Натижада ҳақиқат юзага чиқди, Подшоҳнинг суриштируви сабабли Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлаган Миср азизининг хотини айбига иқрор бўлди ва Юсуф алайҳиссалом туҳматлардан пок бўлиб зиндондан чиқдилар.

Юсуф алайҳиссалом кўп аламли синовларни имон қуввати ва сабр билан енгиб ўтдилар. Синовлар изидан кенглик келди. Мисрда азиз инсонга айландилар, подшоҳнинг яқин одамларидан бўлиб, унинг хазинасини бошқарувчи бўлдилар. 

 Шариатимиз мусулмонларни ҳеч бир эҳтиёжсиз ва сабабсиз ўзини мақташдан қайтаради. Лекин бирор масъулиятли вазифага номзод танланаётган вақтда ўша ўринга лойиқ киши ўзининг илмий ва амалий салоҳиятини баён қилиши жоиздир. Ҳатто баъзи ўринларда ундан кўра лойиқ киши топилмаса, шу вазифани зиммасига олиш шарт бўлиб қолади. Юсуф алайҳиссалом Миср хазинасини бошқаришга ўзлари лойиқ эканлари, бунга иқтидорлари етишини подшоҳга айтдилар. Натижада У Зот Мисрни етти йиллик қурғоқчилик даврида очарчиликдан сақлаб қолдилар. Нафақат Миср, балки ён атрофдаги одамларга ҳам ёрдам кўрсатдилар. У Зотни қудуққа ташлаган акалари ҳам буғдой сўраб Мисрга келишади ва Юсуф алайҳиссаломга йўлиқишади. 

Дуо – ибодатнинг асосидир! У банданинг Роббига қанчалик боғлиқлигини кўрсатиб туради. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолога кўп дуо қилдилар, бошларига тушган ҳар бир машаққатда Аллоҳ таолога дуо билан боғландилар. Аёлларнинг макрига учраганда, бу балони даф қилишни сўраб дуо қилдилар.

Аброрхўжа Рашидов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими