Яратилиш санаси 28.07.2021

ОТАНИНГ ЭНГ КАТТА МЕРОСИ

Одамлар онгида дунёнинг яхлит тарзда англанишини акс эттириб, дунёнинг бирлашуви ва кишилар ўртасида ўзаро алоқаларнинг кучайишини ифода этадиган глобаллашув жараёнининг мазмун моҳияти хусусида турли баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда . Хусусан, жамиятшунослар томонидан маданиятнинг универсаллашуви таъсирида турли минтақа халқларининг урф-одатлари ва турмуш тарзининг яқинлашуви ҳамда бирлашувини тасдиқлайдиган далиллар изланмоқда. Баъзи файласуфлар ХХI асрда дунёда ягона ахлоқ, умумий маънавият, глобал маданият қарор топишини башорат қилмоқдалар.

Қуръон ва ҳадисларда кўп учрайдиган ва муҳим ўрин олган масалалардан бири ҳам оила маънавияти, фарзанд, ота-она, эр ва хотин қариндош ва қўшнилар ўртасидаги муносабатларнинг диний-ахлоқий муаммосидир. Маънавияти етук, одобли фарзандларни тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг эзгу тилагидир. Ота-онага бўлган ҳурмат эса этук ахлоқий фазилат бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда Луқмон (а.с) ўз ўғилларига шундай насиҳат қилганлар: “Ей, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга этган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва эрда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир”. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларида: “Ота-онанинг умиди фарзандлар камоли бўлади, токи улар ота-оналари қариганда жонига дармон бўлсинлар”, деб насиҳат қилинади. Воқеан, инсон шахсини шакллантиришда оиладаги муҳитнинг ўрни каттадир. 

Фарзандларнинг бахти уларга қолган давлат ва мерос билан эмас, балки ота-оналари ўргатган ахлоқ, одоб билан белгиланади деган фикрни Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида айтиб ўтганлар: “Фарзандларингизни иззат-икром қилиш билан бирга ахлоқ-одобини ҳам яхшиланглар”, “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди” . Демак, Оят ва ҳадислардаги оила мустаҳкамлиги, фарзанд камоли ва жамият барқарорлиги учун берилган кўрсатма ва насиҳатларни ёшларга қанча эрта сингдирилса, уларга шу асосда тарбия берилса, келажакда бу ўз самарасини бермасдан қолмайди. Шунингдек, оилани муқаддас деб билиш, қадрлаш ҳамда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларда юксак одоб-ахлоқда бўлиш туйғуларини болаликданоқ ҳар бир юртдошимизга сингдирилиши кўзланган мақсадга этишимизда ёрдам беради. Таъкидлаш жоизки, ахлоқий комиллик мезонлари кишилар ўртасидаги оддий муносабатда, салом бериш ва алик олишда намоён бўлади. Маънавиятнинг боши оддий салом-аликдан бошланади. Қуръони каримда: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз! Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир” – деб таъкидланади. Ҳадисларда ҳам бу ҳақида шундай дейилади: “Ҳеч бир инсон уч кеча-кундуздан ортиқ ўз биродари билан аразлашиб, бир-бирини учратганда тескари қараб кетмасин. Қайси бири учрашганда аввал салом берса, ўша яхшироқдир”. Шунингдек, “Исломдаги энг яхши амалларинг – очларни туйғизмоғинг, таниган ва танимаган одамга салом бермоғинг” – деб насиҳат қилганлар.

Ривожитдин Насритдинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими