Қуръони Каримнинг номлари ва унинг номланиш сабаблари
Абул Маъолий (Абул Маъолий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг исмлари Азизий ибн Абдулмалик (ҳижрий V асрда яшаб ижод қилган)дир. Заркаший, Суютий (раҳматуллоҳи алайҳ)лар томонидан ёзилган «ал-Бурҳон фи мушкилотул Қуръон» асаридан ўзларининг Қуръон илмларига доир асарларида кенг фойдаланганлар.) (ҳ. 494/) ўзининг «ал-Бурҳон фи мушкилотил Қуръон» номли асарида Қуръони Каримнинг 55 та номини келтирган.[1] Баъзи олимлралар Қуръони Каримнинг 90 дан ортиқ исмларини санаганлар. Лекин улар «мажийд», «карийм», «ҳакийм» каби Қуръони Карим сифатларини ҳам исмлари қаторига киритиб, юборганлар. Аслида эса Қуръони Каримнинг номлари бештадир. Улар, ал-Қуръон, ал-Фурқон, аз-Зикр, ал-Китоб, ат-Танзийлдир.[2]
Қуръони Каримнинг ўзида ҳам ушбу бешта исм, атоқли от сифатида келтирилади (Фурқон исми Оли Имрон (1 оят), Зикр исми Оли Имрон (58 оят), Ҳижр (6 оят), Сод (8 оят), Китоб исми Бақара (64 оят), Наҳл (89 оят), Танзийл исми Ясин (5 оят), Воқиа (80 оят) сураларида келтирилган). Ушбу исмлар орасида Қуръон исми энг машҳури бўлиб, Аллоҳ таоло уни Ўзининг каломининг 61 та жойида келтирган.
«قُرأنٌ» сўзи аслида «قَرأَ يَقرَاُ»дан келиб чиққан бўлиб, луғатда жамламоқ, қўшмоқ, ўқимоқ деган маъноларда ишлатилади (Роғиб Исфаҳони (раҳматуллоҳи алайҳ). «ал-Муфрадот фи ғароибул Қуръон»). Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
«Албатта, уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамиздадир» [3].
Араб тилида баъзан масдарлар исми мафъул маъносида ишлатилади. Жумладан, Аллоҳ таолонинг каломи «Қуръон» ҳам исми мафъул, яъни «ўқиладиган китоб» маъносида қўлланилади. «Қуръон» лафзини қайси сўздан олинганлиги ҳақида бир неча қавллар мавжуд, лекин уларнинг аксарияти қил ва қолдан бошқа нарса эмас.[4] Аллоҳ таоло тамонидан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилган китобни «Қуръон» деб номланишига кўплаб сабаблар келтирилган бўлиб, улар орасида энг ишончлиси шуки, Аллоҳ таолонинг китобига ушбу «Қуръон» деган ном динсиз арабларнинг сўзларига раддия сифатида қўйилгандир. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:
«Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки, ғолиб бўлсангиз»,[5] дедилар»
Бу китоб ўқиш учун нозил қилинган. Шунинг учун ҳам у қиёмат кунигача тиловат қилинади. Дунёда энг кўп ўқиладиган китоб − бу Қуръондир.
Қуръони Каримнинг истилоҳий маъноси қуйидагичадир:
الْقُرْآنُ : هُو َالْكَلَام ُالْمُنَزَّل ُعَلَى رَسُول ِاللَّهِ مُحَمَّد ٍصلى الله عليه وسلم الْمَكْتُوب ُفِي الْمَصَاحِفِ ,الْمَنْقُول ُإلَيْنَا نَقْلًا مُتَوَاتِرًا بِلَا شُبْهَةٍ.
«Қуръон – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилинган, саҳифаларда ёзилган, шубҳасиз, мутавотир тарзда бизга нақл қилинган каломдир»[6] Аҳли илмлар ўртасида иттифоқ қилинган таъриф − шу. Бу борада бирор ихтилоф йўқ.
Қуръони Карим 22 йил 2 ой 22 кун мобайнида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятлар ҳолида нозил бўлган. Оят Қуръони Карим ҳарфларидан бир фосила билан ажралган илоҳий каломдир. Ояти карималар орасида бир саҳифага етадиган узун оятлар бўлиши билан бирга ўртача узунликда ва фақатгина битта сўздан иборат бўлганлари ҳам бор. Бирор вазн ёки шеърий руҳга эга эмас. Қуръони Каримнинг ўз руҳи бор ва у илоҳий ваҳийнинг юксак ҳикматларини жамлаган илоҳий каломдир.
Маккия деганда Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккада нозил бўлган оятлар, мадания деганда эса Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада нозил бўлган оятлар тушунилади. Маккия ва мадания оятлари орасида қуйидагича фарклар мавжуд.
Маккада нозил бўлган оятлар аксар ҳолларда қисқадир. Мадинада нозил бўлган оятлар эса асосан узун суралар. Макка оятлари асосан «Я айюҳан нас» (Эй, инсонлар!) деб мурожаат қилса, Мадина оятлари асосан «Я айюҳал мўминун» (Эй, мўминлар!) деб бошланади.[7]
Макка оятлари инсонларни бут-санамлардан, ёмонликлардан воз кечишга ва тавҳидга чакиради. Юксак ахлоқий дастурлар билан эътиқодга ва инсонийликка чорлайди. Мадина оятлари эса эътиқодлари тозаланган, ишонган инсонларга вазифалари нимадан иборат эканини айтади.
Сура оятлар мажмуидан иборат. Ҳар бир сура бир китоб сингари турли ҳикматларни ўргатади.
Қуръони Карим 114 сурадан иборат. Энг узун сура Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборат. Энг қисқа сура эса Кавсар сурасидир. У 3 оятдан ташкил топган.
[1] Суютий раҳматуллоҳи алайҳ. «Ал-Итқон фи улумил Қуръон». – Қоҳира: Ҳижозий, 1368/. – Б. 51.
[2] Аз-Зарқоний. «Манааҳилул ирфон».– Миср: Исо ал-бобий ал-ҳалабий, 1372/. Ж. I. – Б. 8.
[3] Қиёмат сураси 17-оят.
[4] Қаранг: «Итқон». – Б. 52, «Манааҳилул ирфон». Ж. I. – Б. 7.
[5] Фуссилат сураси .
[6] «Талвийҳ маъат тавзиҳ». – Миср. Мустафо ал-бобий: Ж. I. – Б. 26.
[7] Гулобод Қудратуллоҳ қизи “Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари” – Т: Мовароуннаҳр, 2011.
Мамадалиев Маҳмудхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси