Яратилиш санаси 12.10.2023

Тиловат саждасини адо қилиш тартиби қуйидагича

Ким саждаи тиловат оятини ўқиса ё эшитса дарҳол таҳоратли ҳолда, пок жойномоз устида, қиблага юзланиб, қуйидаги ниятни қилади:

Нияти:

نويت أن أسجد سجدة التلاوة متوجها إلي الكعبة خالصا لله تعالي ألله أكبر

«Навайту ан асжуда саждататтилаавати мутаважжиҳан илал каъбати хоолисоллиллаҳи таъаалаа Аллоҳу акбар» деб билан такбирида қўлини кўтармасдан саждага кетади.
Маъносини айтиш ҳам мумкин: Тиловат саждасини қилишни ният қилдим, қиблага юзландим, холис Аллоҳ учун. Аллоҳу акбар.
Ва саждада уч маротаба:

سبحان ربي الاعلي

«Субҳаана роббиял аълаа»ни айтиб «Аллоҳу Акбар» деб саждадан бошини кўтариб қўлларини дуога очиб қуйидаги дуони ўқийди:

Дуоси:

سجدت للرحمان و آمنت بالرحمان فاغفرلي ذنوبي يا رحمان سمعنا و أطعنا غفرانك ربنا و إليك المصير
«Сажадту лирроҳмаани ва ааманту бирроҳмаани фағфирлий зунуубий Я Роҳмаану, самиънаа ва атўнаа ғуфроонака роббанаа ва илайкал масийр» деб қўлларини юзларига суртиб омийн қилади.

Маъноси: Роҳманга сажда қилдим ва Рохманга иймон келтирдим бас менинг гуноҳларимни кечир ё Рохман. Эшитдик ва итоат қилдик мағфиратингни сўраймиз ва қайтиш ҳам сенгадир.

Қуръони каримнинг ўн тўрт сурасида 14 та сажда ояти келган. Агар киши бир ўтиришда бир жойда битта сажда оятини 100 марта китобдан, хоҳ ёддан ўқиса, ҳам охирида битта сажда қилиш кифоя. Агар бошқа хонага ўтиб жойини ўзгартирса ёки бошқа бошқа сажда оятларини ўқиса ҳар бирига алоҳида сажда қилинади. Агар жонли равишда ўқилаётган сажда оятларини эшитса ҳам ҳукм шу каби адо қилинади. Агар намоз ичида қироат сажда ояти билан якунланса, рукуʼ билан намоз давом эттирилаверади. Агар сажда ояти қироат ўртасида келса, тўғридан тўғри Аллоҳу акбар деб саждага бориб уч марта «Субҳана роббиял аъла» айтиб яна Аллоҳу акбарни айтиб қиёмга турилиб қироатни давом эттиради.

Бу амал вожиб амалдир, эшитган вақтида таҳоратсиз бўлса кейинчалик таҳорати борлигида албатта сажда қилиб қўйиши вожибдир. Вожиб амални тарк қилишлик гуноҳдир.

Тиловат саждасини адо қилиш ҳикмати:

Ушбу оятларда Аллоҳга қурбат хосил қилиш буйруғи айтилади. Банда эса У зотга қурбат хосил қилиш амалининг афзали сажда вақтидадир.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «إذا قَرَأ ابنُ آدم السجدةَ فسجد اعْتَزَل الشيطانُ يبكي، يقول: يا وَيْلَه -وفي روايةٍ: يا وَيْلي- أُمِر ابنُ آدمَ بالسجودِ فسجدَ فله الجنة، وأُمِرتُ بالسجود فأبَيْتُ فَلِيَ النارُ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса , шайтон четга чиқиб йиғлайди: «Вой, шўрим қурсин Одам боласи саждага буюрилганда, сажда қилди ва унга жаннат бўлди. Мен ҳам саждага буйирилдим лекин, юз ўгирдим. Натижада, менга дўзах бўлди.», дейди» дедилар». Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда баён қилинишича, мусулмон инсон қачон тиловат саждасини қилса, Шайтони лаъиннинг дарди янгиланиб, ҳасади қўзиб четга чиқиб йиғлар экан. Одам боласининг Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб сажда қилиб, жаннатга ноил бўлишидан афсус қилиб, ҳасаддан куйиб ёнар, ўзининг саждага бормагани учун дўзахга тушишига афсус надомат қилар экан.

Акарамов Отабек

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси