Кибр жуда хатарли иллат
Саҳобалардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Қурайшнинг катталаридан эди. У ёш йигит Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан дарс оларди. Муоз ундан эллик ёш кичик эди. Бир киши Ҳаким ибн Ҳизомга:
- Шу кичкина боладан дарс оласанми?! – деди. Шунда Ҳаким ибн Ҳизом розияллоху анху: Кишиларни ҳалок қилган нарса кибрдир! - деб жавоб қайтарди.
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда саҳобалар билан ўтирганларида суҳбат орасида дедилар:
-Кимнинг қалбида зарра кибр бӯлса, у жаннатга кирмайди!
Шунда кишилардан бири:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бир киши кийими ва ковуши чиройли бўлишини истайди. Бу хам кибрми? - деб сўради.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Аллоҳ таоло гӯзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр - ҳаққа унамаслик ва кишиларни назарга илмасликдир!" дедилар.
"Ҳаққа унамаслик" дегани, ҳақ очиқ-ойдин бўлганидан сӯнг уни рад етиш, қабул қилмасликдир.
Баъзилар таҳоратни мукаммал билишмайди, аммо фиқҳий масалаларда баҳслашса, ўзини раъйда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдек, қиёсда имом Шофиъийдек, далил келтиришда имом Молик, таржиҳда имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳлардек тутади. Бу кибрдан бошка нарса эмас.
Ибн Ҳазм андалуслик бир олим билан баҳслашди. Мажлисдан Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ ғолиб бўлиб қайтди. Уйига келгач, бир китоб эсига тушиб кетиб уни олиб ӯқиди. Аниқлашича, у ноҳақ бўлиб, мағлуб бўлган олим ҳақ бўлиб чиқди. Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ китобдаги ўша масала остига чизиб қўйди. Унинг шогирдларидан бири: - Устоз! Нима қиляпсиз? - дея сўради.
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ:
Эртага бориб, мен ноҳақ эканимни, унинг ҳақлигини айтмоқчиман,-деди.
Шогирди:
Ахир сиз ғолиб бўлдингиз-ку! Шундан кейин ҳам бораверасизми?!-деди.
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ:
-Иложи бўлганида ҳозир борган бўлар эдим,- деб жавоб берди.
Иблис ҳам олим эди. Унинг мардуд бўлишига кибри сабаб бўлган!
Умаров Раҳматуллоҳ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси