ЯХШИЛИК ҚИЛИШ...
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилди: “Кимки Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса унга паноҳ беринглар. Кимки Аллоҳ учун бирон нима сўраса, унга беринг. Ким сизларга яхшилик қилса, сиз ҳам ўшандоқ яхшилик билан қайтаринг. Агар яхшилик қилиш учун бирон нима топа билмасангиз, уни дуо қилингки, токи ўша одам қилган яхшилиги учун сиздан бирон мукофат олганини билсин”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг қилган яхшилиги учун ташаккур айтмайдиган киши Аллоҳга шукр қилмаган бўлади”, дедилар”.
#ШАРҲ: Ҳадиси шарифдаги “маъруф” сўзи яхшилик қилиш деб таржима қилинади. Яхшилик эса, шариатда яхшилик ҳисобланган барча ишлардир. Масалан, Аллоҳ таолони таниш, Пайғамбарга имон келтириш, адолатли бўлиш, ўзаро меҳр-муҳаббат, тинчликни сақлаш каби барча хайрли амаллар киради. Исломда муомала бобидаги асосий илм яхшилик қилмоқ илми ҳисобланади.
Маъруф иш – совға бериш, қийналганга ёрдам бериш, обрўни ҳимоя қилиш каби беғубор фидойиликка асосланган одамгар чиликлардир. Яхшилик қилинган одам, албатта, мукофот берсин. Ҳадясига яхшироқ ҳадя билан жавоб берсин. Шунда ўртадаги ҳурмат ва меҳр йўқолмайди. Ҳеч нарса топа олмаса, дуо қилсин. Аллоҳ ўрнини тўлдиради. Яхшилик қилган одам кўнгли кўтарилади. Албатта, шукр қилиш билан неъмат зиёда бўлади,ташаккур айтиш билан меҳр узилмайди, оқибат давомли бўлади. Одамлар қилган яхшиликни қадрламаган, билмаган одам Аллоҳнинг ҳам неъматларига ҳамд ва шукр айта олмайди. Зеро, ёмонликни яхшиликдан ажрата олиш керак ва яхшиликни давом эттириш учун замин яратмоқ керак. Аллоҳ таоло: “Агар шукр қилсаларинг неъматимни зиёда қиламан”, деган.
Абдураҳмонов Абдукаюм
“Хидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси талабаси