Яратилиш санаси 19.10.2023

ИБН БАЗҲОН (қорилар ҳаётидан қисса)

Умму Солиҳ тупроғида тунислик катта шайхлар қолмагач, ҳеч ким талаб қилмаса ҳам, бу мақомни Ибн Базҳон эгаллади. Чунки у ўша пайтда қироат борасида энг билимдон киши бўлиб, Ажам кўчасининг бир чеккасида истиқомат қилар эди. Ибн Базҳон ўша жойнинг бир жомеъ масжидида намоз ўқир ва пешиндан асргача бўлган вақтда шайхлар ҳузурига борар, кейин дарс бериш учун ўтирар эди. Ғоятда камгап бўлиб, у ёқ-бу ёққа қарамас, туфламас ва томоқ ҳам қирмас эди. Унинг ҳузурида ўтирган киши ҳам ўзини худди шу ҳолатда тутарди.

Ибн Базҳон олдида ўтирган қорига бармоқлари билан ишора қилиб, тажвиднинг дақиқ ўринларидан бўлмиш бирор ғунна ва ташдидни тарк қилишига йўл қўймас, агар шогирди ўша жойни унутиб қолдирса, шу заҳоти тўхтатиб, қайта-қайта такрорлатар, қори қироатнинг бирор жойини унутса, қўлини бўйрага урар, шогирд келиб, хатосини тўғриласа, давом этишига рухсат берар, тўғриламаса, қори чарчагунича: «Тўғри ўқимадинг», деб ўша жойни такрорлатаверар, агар у чарчаб қолса, хатога йўл қўйган жойини ёзиб берар эди.

Талаба Қуръонни тугатиб, ижоза сўраганида унинг бошқа хатмларидаги унутган ва хато қилган жойларини сўрар, қори ўша хатоларини тўғрилаб жавоб қилгандагина, унга ижоза, яъни қироат қилиши учун рухсатнома ёзиб берарди. Агар қори аввалги хатоларини яна такрорлайдиган бўлса: «Бу ҳолатингда сенга рухсат бера олмайман», дер эди. Имомнинг мана шундай ўзига хос одатлари, услублари бор эди.

У умри давомида Сайф ибн Ҳаририй ва Ибн Наҳладан бошқа узоқ юртлардан ўқиб бериш учун келган бирор кишига изн бермаган. Шу билан бирга, у бирор кишига бурилиб боқмайдиган, бирор кишидан бирор вазифа талаб қилмайдиган, дину диёнатли, камсуқум, истараси иссиқ киши эди. Ибн Базҳон Умму Солиҳ тупроғида ёддан Қуръон ўқишни ўзига шарт қилиб олганди. Ҳузурига бирор таниш киши келса, вазифасини тўхтатиб, унга қараб жавоб беришга тутинарди. Ўзига яраша гўзал хулққа эга бу инсоннинг отасидан мерос қолган моли бор эди.

Шу билан бирга, у чиройли талаффузи, тажвидни яхши билиши билан танилган бўлиб, қасидани шарҳлаган ва «Ҳамза товуши» бобигача етган эди. Бу асар таснифи ғоят мураккаб бўлиб, у ҳақда Абдулваҳҳоб ибн Салор: «Мусанниф бу шарҳнинг қоралама кўринишини фикри бир тўхтамга келгунга қадар қайта-қайта тўғрилаб ёзарди. У худди китоб ёзишга қийналган олимга ўхшар эди», деган.

Умаров Раҳматуллоҳ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси