Ҳанафий мазҳабида намоздаги қиём, руку ва сажда масаласи
Маълумки, Ислом динидаги барча ибодатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганилган ва андоза олинган. У зотнинг ўзлари бу борада умматни эргашишга чақирганлар. Хусусан, намоз ибодати борасида Набий алайҳиссалом: “Мени қандай намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинг”, деб айтганлар.
Ҳанафий мазҳабига кўра намознинг суннатларидан бири – қиёмда икки оёқ орасининг тўрт бармоқ энича очиқ бўлишидир. Беморлик ёки семизлик сабабли киши оёқлари орасини тўрт бармоқ миқдорида тутишга қийналса, ўзига қулай тарзда туриши мумкин. Мана шу ҳукмга бугунги кунгача амал қилиб келинган. Лекин кейинги йилларда баъзи намозхонлар оёқларини ғайриоддий равишда кенг очиб турганлари кузатилмоқда. Уларнинг ишлари, бир томондан, катта жамоат амал қилиб келётган ишга зид бўлса, бошқа томондан, бирорта кучли далилга эга эмас.
Намозда оёқлар ҳолати ҳақида биргина ҳадис келган. Баъзилар мана шу ҳадиснинг зоҳирини олиб, кўпчиликни ташвишга қўяди, турли ихтилофлар чиқаради. Мазкур ҳадис "Саҳиҳул Бухорий”да келган бўлиб, қуйида у билан танишамиз. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларингизни тўғриланг. Зеро, мен сизларни ортимдан кўраман”, дедилар”. (Анас розийаллоҳу анҳу айтади) Бири шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини текказиб турар эди”» (Имом Бухорий ривояти).
Ҳақиқатан, ҳадис баъзилар даъво қилаётганидек намозда оёқларини ёнидаги кишининг оёғига текказиб туришга далил бўладими? Бунга аниқлик киритиш учун ушбу ҳадисни шарҳлаган олимларнинг сўзларига мурожаат қилайлик.
Аброрхўжа Рашидов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими