Қуръон ахлоқлари ва уларни сайқаллаш
Ахлоқ “хулқ” сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқатворни билдиради. Баъзи уламолар аҳлоқни “ироданинг одати” деб таъриф қилганлар. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша аҳлоққа айланган бўлади. Мисол учун кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўша “карамли хулқ” дейилади.
Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас бир қисми, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгули, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган аҳлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.
Аҳлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир Аҳлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам гўзал ҳисобланмайди.
Қадимги ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: “Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди”, деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: “Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки фазилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади”, деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хам туриши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит, ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, деганлар.Шунинг учун ҳам исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар-бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан биринчи даражасига кўтарилади.
Киши қандай қилиб яхши ҳулқли бўлади? Айрим одамлар яхши хулқа эгаси бўлиш учун яхши илм олиш керак, деб ҳисоблайдилар. Илм инкор этмаймиз. Илм олмоқ ва яхши хулқ эгалламоқ масаласида айтамизки, илмли одамларнинг барчаси ҳам яхши хулқ эгаси бўлавермайди. Ёки аксинча, илмсиз одамларнинг барчаси ёмон хулқли эмас.
Абдуллоҳ ибн Амр розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшингиз чиройли хулқлилигингиздир”, - дедилар”.
Имом Шофиъий ҳазратлари “Ўзини гуноҳ ва бадхулқликдан сақлай олмаган кишига илм фойда бермайди”, деганлар. Хушхулқли, кулар юзли, хушмуомалали одам андиша ва фаросат эгаси бўлади. Шундай гўзал сифатларга етишган, лекин ўқимаган одам билан суҳбат қуриш ёмон хулқлиқўра бир олим билан ҳамсуҳбат бўлишдан кўра яхшироқдир. Ахлоқсиз олими имонсиз жоҳилга ўхшайди. Кишиларга жоҳил қила олмаган ёмонликларни ахлоқсиз олимлар қиладилар. Шу боис Фузайл ибн Иёз айтдиларки: “Менга хулқи ёмон обиднинг ҳамроҳ бўлганидан кўра, хулқи яхши фожирнинг ҳамроҳ бўлгани суюклироқдир”. Анас ибн Молик дедилар: “Шундай банда бор, чиройли хулқи билан жаннатнинг баланд даражаларига етади, гарчи обид бўлмаса ҳам. Шундай банда бор, ёмон хулқи сабабли дўзахнинг энг қуйи қаватларидан жой олади, гарчи обид бўлса ҳам”.
ХОШИМОВ НУРИДДИН
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
ислом билим юрти ўқитувчиси