ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИ ОДОБИ
Сахоба Бурайда розияллоху анху Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилдилар: "Расулуллох: "Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди рухсат этилди, бориб зиёрат қилинглар" - дедилар. Сахоба Бурайданинг айтишича, Пайғамбар алайҳиссалом қабристонни зиёрат қилгани борганларида "Ей мўъминлар ва мусулмонлар, қабристон аҳллари, сизларга салом бўлсин! Худо хохласа бизлар ҳам келиб сизларга қўшилурмиз. Ўзимизга ва сизларга Аллоҳдан офият ва ажр сураймиз" деганлар.
Саъд ибн Алий аз-Занжоний "Фавоид" китобларида хазрати Абу Ҳурайра розияллоху анху айтадилар: "Жаноби Расулуллох айтдилар: қабристонга кирган киши "Фотиха", "Ихлос", "Такасур" сураларини ўқиса ва савобини қабристон ахли бўлган мўъмин ва мўъминалар рухларига бахшида этса унинг учун амвотлар Аллоҳнинг хузурида шафий бўладилар".Соҳиби "Хилол" Абдулазиз ривояти санадини хазрати Анас розияллоху анхуга етказиб ривоят қиладилар: "Расулуллох айтдиларки, "қабристонга кирган киши сураи "Ёсин" ўқиса, Аллоҳ ахли қабрга енгиллик ато этади, ўкувчига маййитлар ададича ҳасанот бўлади". (Имом Суютий ривоятлари).
Имом ғаззолий "Ихёи улумид-дин" китобларида ва мухаддис Абдулҳақ Дехлавий "Оқибат" китобларида Имом Раҳматуллохдан ривоят қилишади: У зот айтдиларки, қачон қабристонга кирсангиз, "Фотиха", "Фалақ" ва "Нос" ҳамда "Ихлос сураларини ўқиб шу қабристон ахлига савобини хадя этсаларингиз рухларига албатта етади". (Имом Суютий ривоятлари).
Қатода ибни Абу Борзатил Асланий розияллоху анху ривоят қилдиларки, Расули Акрам (с.а.в) бир қабрнинг олдидан ўтиб кетаётганларида қабрдаги майитни азобланаётганини айтиб, қабрга хўл кўкат бўлган шохни қўйиб қўйдилар. "Шул шох қуригунга қадар улардан азоб кўтарилади" деб марҳамат қилдилар. (Имом Суютий ривоятлари).
Муҳаммадали Каттабаев