Яратилиш санаси 23.08.2023

Исломда аёлларнинг ҳуқуқи (2-қисм)

Ислом аёлларнинг ҳурмат - эҳтиромини ўрнига қўйиб уларнинг аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.

Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларги фарз қилмаган, лекин аёлларга ҳос баъзи ишларни эркакларга ҳос ишлар ила тенглаштириб, уларнинг эркаклар билан тенг ажр олишларини жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳотларида тенглаштирилган. Бу маънолар ўз ҳақ ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган. 

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Асмаъ бинти Зайд ал-Ансорийя розиаллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

«Эй, Аллоҳнинг росули, мент ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз- аёллар жамоаси, тутилиб, ўралиб, уйда ўтириб қолганмиз. Экакларнинг шаҳват мавзеъси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага хозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар уларнинг молларини муҳофаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!»-деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:

-Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?-дедилар.

-Йўқ, эй, Аллоҳнинг расули, -дейишди улар.

-Эй Асмаъ, қайтиб бориб ортингдаги аёлларга билдирки, албатта сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг қилади, -дедилар.

Асмаъ ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб қайтиб кетди». 

Исломий нуқтаи назардан бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидан ёки асфальт ётқизганидан афзал ҳисобланади. 

Ислом шариати хукми бўйича, муслима аёл бошқаларга сиёсий бошпана бериш ҳақига ҳам эгадир.

Макка фатхи куни Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб бир душман мушрикни ўз ҳимоясига олиб, бошпана берган. Кейин укалари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу буни билиб қолиб, ўша душман мушрикни ўлдирмоқчи бўлганлар. Шунда Умму Ҳониъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган гапни айтганида, У зот алайҳиссалом.

«Эй, Умму Ҳониъ, кимни ҳимоянга олган бўлсанг биз ҳам уни ўз химоямизга олдик. Кимга омонлик берган бўлсанг, биз ҳам унга омонлик бердик», деганлар. Абу Довуд ривоят қилган.

Исломдан олдин аёл киши меросдан мутлақо маҳрум қилинар, эри ўлганда эса аёлни мерос тариқасида эрнинг қариндошларидан бири олар эди. Кейин, ҳоҳласа, ўзи ҳотин қилар, ҳоҳласа, бошқага эрга берар, маҳрини ўзи олар эди. Ислом бу золим ҳукумларни ботил этиб, аёл кишининг ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди. 

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир», деган (7-оят). 

Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоатни эълон қилишни «Байъат» дейилади. Бу энг муҳим сиёсий ҳақ эканлиги ҳаммага маълум. Қуръони каримда эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам байъат қилиш ҳуқуқи берилган. 

Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасида: «Эй Пайғамбар, агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, бас уларнинг байъатини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўра. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир», деган. (12-оят).

Энди, аёл кишининг ишлаши ҳақида икки оғиз гаплашайлик. Аввало, эркак бўлсин, аёл бўлсин нима учун ишлайди, деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маийшат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундоқ бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маийшати етарли бўлиб турган аёл кишининг болаларини, оиласини ташлаб қўйиб, кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима хожат бор? Баъзилар «Аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қўшиши керак эмасми», дейиши мумкин. Уларга «Эртаю кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутидан заҳар чиқадиган аёл» жамият учун фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб, жамият учун керакли фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган оиласини мустаҳкам қилган аёл жамият учун фойдалими?» деган қарши савол берилади. Шу билан бирга, Исломда жамиятга зарур бўлиб қолганда, эркаклар уддасидан чиқаолмай қолганларидагина аёлларни ишга таклиф қилиш, ҳатто урушга қатнаштириш ҳам борлиги эслатиб ўтилади.

Исломда аёлларни туғилганиларидан умрларининг охиригача керакли маийшат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилгани, шунингдек, жамият учун керакли оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилгани учун, аёлларни ҳурматлаб, уларга маъсулияти юклатилмаган. 

Бундан кейин аёлларнинг заруриятсиз ишлашларининг яна бир сабаби қолади. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган харом-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгил хуши учун бўлади. 

Исломда харом-хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгил хушуни эса ишлаб туриб қилгандан ишламай қилганлари аёлларнинг ўзи учун яхши бўлса керак. 

Яна бир бор таъкидлаш лозимки Исломда аёл кишининг ишлаши манъ қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.

Ёш болаларнинг тарбия ва таълим ишлари аёлларнинг иши хисобланади. Хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш аёлларнинг иши хисобланади. 

Мутақаддим Ҳанафий фақиҳларидан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлларнинг хотинларга ҳос фарзи кифоя ишда хунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан манъ қила олмайди», деганлар. 

Шунингдек аёл киши эриниг ишига ёрдамчи бўлиши, оиласи мухтож бўлганда ҳалол йўл билан, ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни, ўзи ҳоҳласа, ишлайди, бўлмаса, биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: нодир қобилятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп булга аёл ҳам ишлашлари тавсия қилинади, деганлар.

Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг саҳарда далага ҳайдаб кетиб, ҳоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтиб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб уларнинг аёллик лотофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Муҳаммадали Каттабаев