Яратилиш санаси 12.09.2023

Инсон қадр қиймати

Ислом таълимоти бўйича, Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратгандир. 

Қуръони каримнинг «Исро» сурасида: «Батаҳқиқ Биз одам болаларини мукаррам қилдик. Уларни қуруқликда ва сувда кўтардик, ҳам уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик. Ва уларни Ўзимиз яратганларнинг кўпидан устун қилиб қўйдик»-дейди. (70 оят)

Агар эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло, одам болаларини демоқда, мўмин-мусулмонларни ёки зоҳиду тақводорларни дегани йўқ. Бундан номики одам боласи бўлса, Аллоҳ уни азизу мукаррам қилиб яратгани тушунилади. Аллоҳ таоло номики одам боласи бўлса, уни дунёга бошқа нарсаларнинг ҳаммасидан устун қилиб қўйган бўлади. Бу маънода барча одамлар баробар бўладилар. Чунки, Аллоҳ одамларнинг ҳаммасини бир аслдан яратган, уларни бир хил хусусиятларга эга қилган, ақл берган, нутқ қобилияти берган ва бошқа одамга хос қобилиятларни берган. Бу маънода барча инсонлар баробар, инсоний қадр-қийматлари бир хил ва ўша қадр-қийматларини доимий сақланиб қолишига ҳақлилар. Инсон зотининг улуғлиги ҳам унинг инсоний қадр-қийматидадир. Инсоний қадр-қиймат уни дунёга бошқа жонзотлардан ва барча мавжудотдан устун қилиб туради.

Инсонийлик қадр-қиймати инсоннинг бутун вужудида, ундаги қобилиятларда, унинг ҳар бир аъзосида ўз аксини топгандир. Инсон ўзи учун керак бўлган ҳар-бир нарсани азиз-мукаррам ҳолида, осонлик ва қулайлик билан амалга ошириш имконига эгадир. Мазкур имконлар инсондан бошқа ҳеч бир жонзотга Аллоҳ таоло томонидан берилмагандир. Ислом аввало инсон ўзининг инсонийлик қадр-қийматини англаб етишини хоҳлайди ва шу маънода тушунтириш ишлари олиб боради. Юқорида ўрганган оятимиз бунинг ёрқин далилидир. Яна шу маънодаги оятлар кўп. Мисол учун келтирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло «Ғофир» сурасида: «Аллоҳ сизларга ерни қароргоҳ осмонни бино қилган, сувратларингизни гўзал этиб яратган ва сизларни пок нарсалар ила ризқлантирган зотдир. Ана шу Аллоҳ- Роббингиздир. Бас, оламларнинг Роббиси-Аллоҳ олий бўлди»-дейди. (64 оят)

«Ват-тийин» сурасида эса, Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг гўзал шаклда халқ қилдик»-дейди. Инсон ўзининг энг азиз ва мукаррам эканини, ушбу азизлик ва мукаррамликка, инсоний қадр-қийматга муносиб бўлиш лозимлигини англаб етиши керак. Ана ўша улуғ инсоний қадр-қийматига доғ туширадиган ишларни қилмаслиги лозим. Шунингдек, инсонлар бир-бирларининг инсоний қадр-қийматларини поймол қилмасликлари керак. Ҳар бир инсон ўз қадр-қийматини билганидек, ўзидан бошқа инсонларнинг ҳар бири ҳам худди ана шундоқ қадр-қийматга ҳақли эканини тўлиқ тушунмоғлиги зарур. Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эр ва аёлдан яратдик ва бир-бирингиз ила танишмоғингиз учун халқлар ва қабилалар қилдик»-дейди.

Демак, барча инсонларнинг ким бўлишларидан қатъий назар асллари бир. Уларнинг турли халқлар ва қабилаларга мансуб бўлишлари эса, бир-бирлари билан танишмоқлари учун холос. Бир-бирларини камситиш, инсоний қадр-қийматларини ерга уриш учун эмас.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Эй одамлар! Билингларки, албатта, Роббингиз бирдир. Албатта, отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одам болаларисиз. Одам эса, тупроқдандир», деганлар. Демак, бир одам ким бўлишидан қатъий назар, бошқа бир одамнинг инсоний қадр-қийматини ерга уришга ҳаққи йўқ. Энг аввало бировнинг ақийдасини, ҳис-туйғусини паст санашга ҳеч ким ҳақли эмас. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Аллоҳдан ўзга улар ибодат қилаётганларини сўкманглар, яна улар билмасдан, душманлик ила Аллоҳни сўкмасинлар», деганлар. Яъни, тўлиқ мусулмон эмас экансан деганларидир. Бу билан Аллоҳ мушрикларнинг буту-санамларини сўкишни мусулмонларга манъ қилмоқда. Мусулмонлар, мушрикларнинг бут ва санамларини сўксалар, уларнинг туйғуларини жароҳатласалар, улар ҳам Аллоҳни сўкиб мусулмонларнинг ақийдаларини, туйғуларини жароҳатлашлари мумкин. Мусулмон киши бировнинг эътиқодини ҳақарот қилмаган ҳолда, унга Ислом ақийдасини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Ислом кишиларнинг қадр-қийматларини ирқи ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб камситишни ҳам қаттиқ қоралайди.

Абу Зарр ал-Ғифорий исмли машҳур саҳобий билан Билол ибн Рабоҳ ал-Ҳабашийнинг ораларидан гап ўтиб қолиб, Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуга «Эй, қора хотиннинг ўғли», деб мурожаат қилади. Шунда Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилганида, У зот Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: «Сен ичида жоҳилият бор одам экансан!», танасининг ранги, тили каби омиллар дастак қилинмайди. Чунки, бу омилларни ҳеч ким ўз ихтиёри билан танлаб олмайди. Уларни ҳар бандага Аллоҳ беради. Уларнинг ҳаммаси ҳам инсоний қадр-қиймат ҳисобланади.

Шариат ҳукми бўйича жиноятчиларни ҳам сўкиб, инсоний қадр-қийматини ерга уриб бўлмайди. Унга шариатга белгиланган жазо берилади холос. Ислом шариатида инсоний қадр-қийматларни ерга уришнинг турли кўринишлари қатъиян манъ қилинган. 

Бировни масхара қилиш, устдан истеҳзо қилиш ҳаром қилинган. Шунингдек, одамларга турли лақаблар қўйиш, уларнинг ортидан ёмон сифатларини айтиб ғийбат қилиш ва бошқа шунга ўхшаган ишлар гуноҳи кабира ҳисобланади.

Исломда инсон ўлганидан кейин ҳам ўз қадр-қийматини сақлаб қолади. Ўликка озор бериш, тирикка озор беришдан ҳам қаттиқ олинади. Ҳадисларда ўликнинг суягини синдириш тирикнинг суягини синдириш билан баробар, дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жанозани кўтариб ўтилганда, ўринларидан турганлар. Шунда одамлар, бу яҳудийнинг жанозаси, дейишган. У зот, яҳудий бўлса, одам эмасми?!-деб хафа бўлганлар.

Исломда, инсоний қадр-қиймат ҳаққини поймол қилганлар устидан жабрланувчи шикоят қилса, жиноятчига нисбатан, қаттиқ чоралар кўрилади. Кейин эса ўша жиноятчи жамият ичида гувоҳлиги ўтмайдиган, ишончсиз киши, деб эълон қилинади.

Ҳа, Исломчалик инсоний қадр-қийматларни ҳимоя қилган динлар, тузумлар кўп бўлса, уларга амал қилинса, ер юзида инсоният учун кўплаб яхшиликлар қилинган бўлур эди.

Муҳаммадали Каттабаев