Яратилиш санаси 01.08.2021

Қуръонда нафс ва ахлоқ тарбияси

Нафс ва ахлоқ тарбияси жиддий ва мушкул иш. Ҳатто ахлоқ ҳақида тинмай гапирадиганлар ҳам амалий ишга келганда ўзларини олиб қочадилар. Чунки бу бир-икки кунда ёки ойда ниҳоясига етадиган иш эмас. Тез кунларда чиройли натижага эришиш мушкул.

Яна бир тоифа борки, улар ахлоқни ўзгартириб бўлмайди, чунки табиат ўзгармайди, деб ҳисоблайдилар ва ўзларини бу юмушдан четга оладилар. Имом Ғаззолий ҳазратлари бу масалани ҳам атрофлича ўрганиб, таҳлил қилиб, тўғри хулосаларни баён этганларки, биз ҳам бунга эътиборни қаратсак чакки бўлмас:

Ахлоқни ўзгартириш мумкин эмас, деб ишонувчилар икки қарашни далил сифатида келтирадилар. Биринчиси, хулуқ зоҳирнинг сурати бўлганидек, хулқ ботиннинг сурати эканлиги. Яъни, хилқатни – ташқи кўринишни ўзгартириб бўлмайди. Масалан, бўйи паст одам новчаликни қанчалик хоҳламасин, бўйини узайтира олмайди. Найнов қанча истамасин, бўйини қисқартиролмайди. Хунук киши ўзини чиройли қилолмайди. Шундай мисолларга асосланган кишилар “Ботин ҳам шу асосга қурилган. Демак,хулқни ўзгартириб бўлмайди”, деб ишонадилар.

Иккинчи қарашга кўра, улар айтадилар: “Гўзал хулқ шаҳват ва ғазаболовини ўчиради, дейишади. Аслида, шаҳват ва ғазаб мижоз ва табиатнинг тақозоси. Одамзод бу ҳиссиётлардан ҳеч қачон узилолмайди. Демак, улардан узилиш учун қилинган ҳаракат бекорга вақтни йўқотишдан бошқа нарса эмас.Чунки бу ерда қалбнинг ўткинчи лаззатларга мойил этишини қирқиш талаб этилмоқда.  Бу мумкин бўлмаган ишдир!”

Имом Ғаззолий ҳазратлари дейдилар: агар ахлоқ ўзгармайдиган нарса бўлса, у ҳолда тавсиялар, панд насиҳатлар ва тарбияларнинг барчаси бекор ишлар экан-да?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Хулқларингизни чиройли қилинг!” Ёввойи табиатли лочин овчининг тинимсиз ва тоқат билан олиб борган тарбияси туфайли қўлга ўрганиб, ювош ва мулойим бўлади. Очкўз ит тарбия қилингач, ўлжани олиб келадиган, қанча машаққатлар билан олиб келган бу ўлжани эгасининг бир ишораси билан қўйиб юборадиган даражага етади. Асов от жиловга ўрганади. Ҳайвонларнинг хулқини ўзгартириш мумкину, наҳот одамзоднинг хулқини ўзгартириб бўлмаса?!

Буни шундай изоҳлаш мумкин: тўлиқ ва нотугаллиги жиҳатидан мавжудотлар икки хил бўлади. Инсон ва унинг аъзолари тугал яратилган. Шунингдек, ҳайвонот олами, қуёш, юлдуз, ой каби самовий жисмлар ҳам тугал ва комил яратилган. Яна шундай нарсалар борки, уларнинг мавжудлиги ҳали тугалланиб охирига етмаган. Шарт-шароит пайдо бўлиши билан бу нарсалар ўзидаги яширин қувват таъсирида ривожланиб, комил суратга киради. Шарт-шароит баъзан банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлади. Масалан, уруғ олма эмас, хурмо ҳам эмас, балки ўзи қандай бўлса, шундай яратилган хилқат. Лекин бу уруғни тарбияласа, хурмога айланиши мумкин. Ёки аксинча,қандайдир уруғни экдингиз, қанча тарбия қилдингиз – унмади, масалан,олмага айланмади. Демак, уруғ маълум таъсир остида баъзи ўзгаришни қабул қилиб, баъзисини қабул қилмаслиги ҳам мумкин экан. Агар биз ғазаб ва шаҳватни буткул сўндириб, уларнинг таъсиридан тўлиқ халос бўлишни  хоҳласак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Агар уларни жиловлашни, бўйсундиришни хоҳласак ва бу йўлда озгина риёзат ва машаққат чексак,албатта бунинг уддасидан чиқамиз. Аслида биз бунга буюрилганмиз ва бу бизнинг нажот топишимизга, Аллоҳ таолога етишишимизга сабаб бўлади.Соддароқ мисолларга мурожаат қилсак, майхўр атрофидагиларнинг яхши тарбияси, насиҳатлари туфайли бу иллатдан қутилади. Бузуқликни одат қилган эса фахшдан юз ўгиради. Бахиллик кулбасидан қутилган одам эса саховат саройига ўтади. Иғвогар иғволарини бас қилади. Ҳатто энг разил хасталиклардан ҳисобланган ҳасад ва ғийбатдан тўла бўлмаса-да, қутулиш мумкин.

Тирик одамнинг нон топиш мақсадидаги ҳаракати сўнмагани каби гўзал хулқни эгаллашга бўлган интилиши тўхтамаслиги шарт. Улуғлар- “Бешикдан то лаҳадга қадар илм эгалланг!” дейишларини хулқ эгаллашга нисбатан ҳам англасак бўлади. Одамнинг ёши улғайиб, ҳаёт тажрибаларига эга бўлгандан сўнг ҳам бу интилишни тўхтатмаслиги керак. Бу ёшда унинг масъулияти икки карра ортади. Биринчидан, у зурриётларини ва атрофидаги бошқа ёшларни тарбия қилиши керак. Иккинчидан, ўзини ўзи тарбиялашни давом эттириши зарур. Мана шу юмушда Аллоҳдан барчаларимизга собитлик, бардавомлик, ирода тилаб қоламиз.

Абдулбоқи Турсунов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси