Яратилиш санаси 28.09.2023

Қалб, кўз ва тил гўзаллиги

“Қалбинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”. 

(Баҳоуддин Нақшбандий)

Қалб сўзининг бир неча шакллари бор: қалб, дил, қалби пок, дили тоза, пок дил ва бошқалар.

Қалби пок деганда Аллоҳнинг якка-ю ягоналигига, унинг китобига, фаришталарига, пайғамбарларига ишонмоқ (иймон келтирмоқ), унинг буюрган кўрсатган амалларини бажармоқ, қайтарган нарсаларидан қайтмоқ. Аллоҳни доимо зикр қилишликни тушунамиз. Қалби пок кишиларнинг, яъни иймонли кишиларнинг нияти холис бўлади, ўзгаларга ёмонликни раво кўрмайди. 

Расулуллоҳ (С.А.В.) деганлар: “Аҳли жаннат жаннатга киргайдир, аҳли дўзах дўзахга киргайдир, кейин Оллоҳ таоло малоикаларга: “Қалбида заррача иймони бор одамни дўзахдан чиқаринглар!”- деб айтадир. Улар шундан сўнг, куйиб, қорайиб кетган ҳолда дўзахдан чиқгайдирлар, ҳаёт дарёсида чўмилгайдирлар, ёмғирдан сўнг унгандек, баданлари кўркам бўлгайдир”.  (Имом Бухорий “Ҳадис”. 15-боб.)           

Пайғамбар алайҳиссалом яна бир ҳадисларида шундай деганлар: “Оллоҳни дил кўзи билан  кўрмак, танимоқ керак (яъни иймон калима келтириш билангина бўлмайди, балки Оллоҳга қалбдан эътиқод қилмоқ лозим). Ояти каримада (Оллоҳ таоло) оғзингиздан беихтиёр чиқиб кетган қасам учун гуноҳкор қилмагайдир. Лекин дилингизга туғилган ёмонликларингиз учун гуноҳкор қилгайдир”.

Ислом дини қалбни поклаш, нафсни жиловлаш, бойликка ҳирс қўймаслик. Қалбни Оллоҳга йўналтириш, Қуръон ва суннат кўрсатган йўлдан бориш,ибодат қилиш,меҳнат қилишга ундовчи диндир.

Юқорида келтирилган Нақшбандийнинг “Қалбинг Оллоҳда қўлинг меҳнатда бўлсин”,-деган фикри кишиларнинг қалбини юксак бўлишига меҳнат қилишга чақирувчи тўғри йўлдир.

Яссавий ўз ҳикматларида “Дунё учун ғам ема, ҳақдин ўзгани дема” тарзида нидо чекса, Машраб “Бир ҳудодан ўзга барчаси ғалатдир” деган.

Ҳувайдо уларга қуйидагича якдилликни изхор этади.

Дунёда ҳою ҳавас қилмоқ абас (бефойда)
Бир худодан ўзгани суймоқ абас.

Кўриниб турибдики, бу уч тасаввуф вакилларининг иймонлари,қалблари шак-шубҳадан холи, улар таъмасиз риёсиз тақводордирлар. 

Муҳаммадали Каттабаев