Абу Лайс Самарқандий ҳаёти ва илмий фаолияти
Бу зотнинг тўлиқ исми Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Абуллайс ас-Самарқандий ал-Ҳанафийдир. Тафсир, фиқҳ усул (дин асослари), ақида, зуҳд бўйича кўплаб асарлар яратган буюк аллома Самарқанд шайхулисломи бўлган. У яшаган даврда юртимизда луғат, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари ривожланган. Мана шундай илмий муҳитда яшаб ижод этган аллома самарали мерос қолдирган. Унинг "Баҳр ал-улум" ("Илмлар уммони"), "Уюн ал-масойил" ("Масалалар сарчашмаси"), "Танбеҳул-ғофилин" (Ғофилларга танбеҳлар"), "Бўстон ал-орифин" ("Орифлар бўстони") каби асарлари бизгача етиб келган ва нашр қилинган.
Алломанинг туғилган йили сифатида муаррихлар ҳижрий 301-310 йиллар ораси ва 911- милодий йилни кўрсатадилар. Ул зотнинг куняси Абу Лайс, яъни "Лайснинг отаси" дегани. "Лайс" луғатда шер, арcлон маъносини беради. У зотнинг Лайс деган фарзандлари бўлганми ёки "Абу Туроб" сингари мажозий лақабми, номаълум. Ҳар ҳолда куня экани аниқ. Куняси билан лақаби қўшиб айтилар эди, масалан: " фақиҳ Абу Лайс айтди". Лақабларидан бири "ал-фақиҳ" бўлиб, бу лақаби билан у жаҳонга танилган. Аллома фиқҳ илмида юксак мартабага эришган, ўз замонасида унга тенг келадиган олим топилмас эди. Фақиҳ сўзининг олдида араб тилидаги "ал" артикли қўшилиб, уни "ал-фақиҳ" деб аталиши ҳам шунга ишоратдир.
Абуллайснинг ўзи ҳам "ал-фақиҳ" лақабини яхши кўрар эди. Чунки, ривоятларга қараганда, "Танбеҳул ғофилин" китобини ёзган маҳалларида бир кеча у кишининг тушларига Набий саллАллоҳу алайҳи васаллам кириб, ёзган китобларини тутқазиб:" Ё фақиҳ! Китобингни ол!" дейдилар. Уйғонганларида китобларида Пайғамбаримиз муборак қўлларини, изларини кўрадилар. Шундан кейин "фақиҳ" деган номни севадилар ва у туфайли кўп барокотларга ноил бўладилар. Иккинчи унвонлари "Имомул-ҳуда". Бу лақаб билан яна бир буюк аллома Абу Мансур ал -Мотуридий ҳам аталган.
Абуллайснинг вафоти ҳақида ҳам муаррихлар турли саналарни кўрсатадилар. Довудий ўзининг "Табақот ал-Муфассирин" китобида 393-ҳижрий йилнинг жумод ал-охир ойининг сешанба 11-кечасида вафот этган, деган. "Жавоҳир ал-мўзиъа" асарида 373-сешанба кечасида, "Кашф аз-зунун" асарида 376, ёки 383, ёки 375-ҳижрий йилда вафот этган дейилади. Араб мероси тарихида 373, ёки 375, ёки 393 - ҳижрий вафот этган дейилган.4
Яъни, аллома 985 ва 1003-милодий йиллар орасида вафот этган. Манбаларда унинг оиласи ҳақида хеч нарса ёзиб қолдирилмаган.
Туғилган жойи Самарқанддир. "Баҳр ал - улум" тафсирининг кириш қисмида у шаҳар ҳақида шундай дейилади: "Араблар уни Сирон ҳам дейдилар. Сафд водийсининг жанубида жойлашган бу жой иқлими яхши ва катта шаҳардир".
Бир шоир бу ер ҳақида шундай деган эди:
Инсонлар учун охиратда жаннат бордир, Бу дунёнинг жаннати Самарқанддир.
Бу шаҳар толиби илмлар маскани бўлган. Бу ерга уламо-ю-фуқаҳолар, тасаввуф аҳллари сафар қилар эдилар. Шунинг учун бу ер бошқа юртлар ичида муҳим илмий ўрин эгаллаб турар эди, чунки Абу Лайс Самарқандий қаторида у кишининг олимлардан бўлган шериклари ва дўстлари ҳам кўп эди. Улардан:
- Ал - Ҳақим ас - Самарқандий.
- Муҳаммад ибн Аҳмад ас - Самарқандий.
- Исҳоқ ас - Самарқандий.
- Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн ал – Фазл ас - Самарқандий.
- Абу Наср ал - Иёз ас - Самарқандий.
- Муҳаммад ибн Усмон ас - Самарқандий.
- Муҳаммад ибн Абдулжалил ас - Самаркдндий.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси