Балоғат фанининг моҳияти
Араб тили дунёда шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам аввалги ўринни эгаллайди.
Кўпгина тилларда гап тузиш, феъл ясаш қоидаларини билиб олишнинг ўзи – соддароқ бўлса ҳам енгилгина гаплашиш имконини беради.
Аммо араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак. Мазкур қоидалар араб тили руҳини тўла очиб бергани учун Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, шариат китоблари ҳамда арабларда мўътабар ҳисобланган жоҳилият даврида ўтган буюк араб шоирларининг ижодлари маҳсулидан баҳраманд бўлиш ва тўғри идрок этиш имкониятига эга бўлади. Шунинг учун ҳам балоғат фанининг аҳамияти юксакдир. Бу фанни ўқишга сабаб деб қуйидагиларга аҳамият қаратиш лозим бўлади:
Балоғат илмининг бошқа илмлардан ўзининг етарли даражада ортиқлиги бор. Зеро, бу илмнинг луғат сир-асрорларини очишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Луғат хазиналарини кашф этишда беқиёсдир. Шунинг учун ҳам бу фан тилнинг нозик, нафис ва дақиқ жиҳатларини ўрганишда беназирдир.
Энг асосийси, бу илм тил мусобақаларида, суҳандонлик беллашувларида олий мукофотни қўлга киритиш усулларини чуқур ўргатади.
Бу билан ақлларни лол қолдирадиган сўз ўйинлари, бир калимани турли маъноларда нуқсонсиз ишлатиш малакаларини ривожлантиради. Кўнгилдаги мақсадни чуқурроқ ва кенгроқ қилиб, тушунмовчиликлардан холи қилиб етказиш тажрибасини камолга етказади.
Балоғат ва фасоҳатда ҳар томондан мукаммал ҳисобланган, мўъжизакор Қуръони карим шу тилда нозил бўлди. Қуръони карим тилни балоғат ва фасоҳати юзасидан мақсадни етказишда сўз ишлатиш йўналишларини кенгайтириб таълим берди. Зеро, шу нозик жиҳатлар воситасида араб тили бошқа тилларда учрамайдиган маъноларни ифодалашда ўзига хослик, гўзаллик, бетакрорлик ва улуғликка эришди.
Қуръони карим мўъжизаларни кашф этишда балоғат илмларининг аҳамияти буюкдир. Бу эса балоғат илмларига еҳтиёжимиз кучли эканини билдиради. Аввалда бу фан балоғат фани деб юритилмаган. Тил олимлари, ўзи алоҳида мустақил ва бир-бирини тўлдирувчи бўлган учта илм: илми маоний, илми баён ва илми бадиъдан таркиб топган балоғат илмлари ҳақида сарф-наҳв ва луғатга оид китобларни чуқур ўргангандан кийин бу илмни ўрганишар эдилар. Шундай қилиб, кичик рисола ва мақолалар тўпланиб бориб, уни алоҳида мустақил фан сифатида шаклланишига олиб келди.
Оҳунжанов Қобилжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси