ИМОМ ДОРИМИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ИЖОДИ
Муҳаддиснинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, 798 (ҳижрий 181) йилда таваллуд топган. Худди шу йили Абдуллоҳ ибн Ҳумайд Самарқандга волий бўлиб келган, айни ўша йили йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазий вафот этган. Манбаларда шу икки тарихий воқеа сабаб Имом Доримийга “Абдуллоҳ” деб исм қўйилганлиги қайд этилади.
“Доримий” – Бану Тамим қабиласи мавлоси ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлган муҳаддиснинг бобоси Дорим ибн Молик ибн Ҳанзалага берилган нисбатдир. Шу билан бирга Имом Доримийни “Дорамий” нисбаси билан атаганлар ҳам бор.
Барча манбаларда Имом Доримий ёшлик чоғлариданоқ ақл-заковати, ўткир зеҳни, айниқса, эслаб қолиш қобилиятининг ўта кучлилиги билан барчани ҳайратга солганлиги айтиб ўтилган. Шунингдек, унинг яқинлари, қариндошлари илм аҳлларидан бўлганлиги таъкидланади. Жумладан, тоғаси Абу Усома Аҳмад ибн Муовия ҳадис ровийларидан бўлган.
Абу Хафс ан-Насафий қайд этишича, Имом Доримий акасининг ўғли Абу Аҳмад ал-Фазл ибн Муҳаммад Доримий Муҳаммад ибн Исҳоқдан ҳадислар ривоят қилган. Имом Доримий дастлабки илмларини ўз юрти Самарқандда олган. Сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлардан Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина, шунингдек Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлардан диний ва дунёвий илмлар, айниқса, ҳадис илми бўйича ўз билимларини оширган.
Илм йўлида узоқ йиллар олиб борган тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида Имом Доримий ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилди ва йирик ҳадисшунос сифатида катта шуҳрат қозонди. У ҳақида ёзилган манбаларда аксарият муаллифлар “Имом Доримийнинг Самарқандда ҳадис ва осор илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор”, деб якдиллик билан таъкидлаганлар. Ўз даврининг илм аҳллари ўртасида обрў эътиборга эга бўлган Имом Доримий бир қанча муддат Самарқандда Шайхул-ислом лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Шунингдек, ан-Насафийнинг таъкидлашича, “... у табиатан вазмин, адолатпарвар ва ҳақиқатгўй, инсоф ва диёнати баркамол, ҳар қандай вазиятда ақлидрок, чуқур тафаккур ва мулоҳаза билан иш юритгани боис ҳоким томонидан Самарқанднинг Бош қозиси лавозимига таклиф қилинади. Аллома аввалига рад жавобини берса ҳам, лекин ҳоким ўз фикрида катъий туриб олгач, рози бўлади. Бироқ қозихонада атиги битта иш кўрилгач, у ўзини ушбу лавозимдан озод этишларини илтимос килади. Унинг илтимоси қондирилиб, истеъфога чиқарилган бўлсада, халифа ал-Муътазз Биллоҳдан қозилик ёрлиғини олган”. Халифа ал-Муътазз Биллоҳ 866-869 йиллар хукмронлик қилгани маълум.
Манбаларда Имом Доримийнинг илмий-маънавий меросига тўхталиб, унинг “Сунан” номи билан танилган “Муснад” (Иснодли ҳадислар тўплами), тафсир илмига оид “ат-Тафсир”, “ал-Жомиъ» (Тўплам), шунингдек, “ас-Сулосиййот фи-л-ҳадис” (Уч ровийли ҳадислар тўплами), фиқҳ илмига оид “Китоб ас-сунна фи-л-ҳадис” (Ҳадисдаги суннат амаллар ҳақида китоб) ва “Китоб саум алмустаҳозот ва-л-мутаҳаййирот” (Узрли аёлларнинг рўзаси ҳақидаги китоб) каби асарлари мавжуд бўлгани ҳақида турлича маълумотлар келтирилади.
Имом Доримийнинг “Сунан” асари – кенг қамровли ва серқирра бўлиб, олимнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари бўйича эгаллаган барча билимларининг асосини ўзида мужассам этган. Унда муаллифнинг муфассирлигини исботловчи Қуръон оятларининг тафсири, олий иснодга эришган муҳаддислигини тасдиқловчи уч ровийли хадислардир. Имом Доримий "Сунанъъни бобларга ажратишда фикхий йўлни танлаган. Асарда бўлим ва бобларнинг фиқҳий тартибда берилиши муаллифнинг фиқҳий салоҳияти юксак даражада эканлигини исботлайди.
Умуман, Имом Доримий ҳар бир ҳадисни, мазкур асарларга агар у ҳаёт бўлса айнан ўз ровийсидан эшитиб, исноднинг иложи борича қисқа бўлишига интилган. Натижада унинг асарлари, жумладан, "Муснади ҳам Имом Шамсуддин аз-Заҳабий таъбири билан айтганда: “Имом Доримийнинг “Муснади Абд ибн Ҳумайднинг асари даражасида бўлган олий муснаддир”. Яъни унинг асари ўз даврининг энг мукаммал ва ишончли ҳадис тўпламларидан саналган²³.
Имом Доримийнинг фиқҳий мавзулар бўйича ажратилган Сунан” асари унинг турли ижтимоий қонунлар ва диний анъаналарнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишида масъулиятни яхши англаб етганлигини билдиради. “Сунан” давр талабидан келиб чиқиб ёзилган бебаҳо асардир.
Имом Доримий ҳадислардан ҳукм олишда эътиборга лойиқ шаръий масалаларни пухта ўрганиб, уларни фиқҳий мавзусига кўра тегишли бобларга жойлаштирган. У фиқҳий масалаларни ечишда бирон мазҳабга эргашмаган ҳолда, Қуръон, ҳадис ҳамда саҳоба ва тобеъийларнинг фикрларини келтириш билан асосли ҳукм чиқариш тўғрилигини кўрсатиб берган.
Барча манбаларда Имом Доримий ҳақида замондош уламолар ва
уларнинг издошлари томонидан билдирилган самимий фикрлар келтирилган. Ушбу фикрларнинг таҳлили Имом Доримий уз тенгқурларига нисбатан ғайри табиий иқтидори ва улкан салоҳияти билан ажралиб туриши хусусида халқ орасида кўплаб ривоятлар тарқалганини кўрсатади. У ўз даврида Самарқанд муҳаддисларининг пешвоси сифатида эътироф этилиб, замондош муҳаддислар орасидаги мавқеи юқори даражада бўлган.
Имом Доримий хадис илмининг турли йўналишлари бўйича муҳим асарлар ёзиб, ўз илмий мактабини яратди. Имом Доримий ўз даврининг кўпдан-кўп етук муҳаддисларидан ҳадис илмини ўрганган ва ўзининг “Сунан” асарида 250 дан ортиқ ровий-шайхлардан ҳадис ривоят қилган.
Манбаларда Имом Доримий ўз даврида кўплаб шогирдлар тарбиялаганлиги ҳақида маълумотлар келтирилади. Улар нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун ислом оламида кўзга кўринган олимлар бўлиб, уз мамлакатлари маънавий тараққиётида катта ўрин тутганлар.
Мовароуннаҳрлик муҳаддислар ўз илмий изланишлари натижасида юзага келган асарлари билан ҳадис, фиқҳ илмларининг ривожланишида муҳим рол ўйнаганлар. Имом Доримий умри давомида илм йўлида тинмай изланган, Самарқандда ҳадис, фиқҳ, тафсир илмларининг ривожланишида муҳим ўрин эгаллаган аллома.
Олимнинг илмий мероси ичида алоҳида ўрин тутган, кенг қамровли “Сунан” асари асрлар давомида долзарблигини йўқотмай, юксак эътироф этилиб, шу кунга қадар муҳим асарлардан бири сифатида алоҳида қадрланади. Имом Доримийининг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси, хусусан, унинг “Сунан” асари юртимиз илм-фани ва маданияти тарихини чуқур ўрганиб, халқимизга етказишда, миллий қадриятларимизнинг тикланишида катта аҳамиятга эга.
Ал-Хатиб ал-Бағдодий ўз асарида Имом Доримийнинг вафоти ҳақида икки хил маълумотни келтиради. У дастлаб Аҳмад ибн Иброҳим ас-Самарқандийнинг Имом Доримий ҳижрий 250 йилда вафот этганлиги ҳақидаги маълумотини келтириб, уни нотўғри деб кўрсатади. Сўнгра Муҳаммад ибн Саййорнинг: “... у 255 йили 75 ёшида Тарвия куни асрдан сўнг вафот этиб, арафа [жума] куни дафн этилган” мазмундаги маълумотни бериб, уни тўғри деб айтади. Ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг охирги маълумоти бошқа манбалардагилар билан мос келади. Жумладан, Нажмидин Умар ан Насафий ҳам Имом Доримий 75 йил яшаган, ҳижрий 255 йили аср намозидан кейин Тарвия куни вафот этган ва Арафа (жума) куни Чокардиза қабристонига дафн қилинган ва унга Самарқанд амири Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад жаноза ўқиган”, деб зикр этади. Ушбу сана милодий ҳисобда 869 йил 18 ноябрь кунига тўғри келади.
Муҳитдинов Алишер
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси