Каломдаги фасоҳат
Фасоҳатли калом. Барча калималари фасоҳатли бўлган, маъноси аниқ ва тушунарли бўлган жумла фасоҳатли калом бўлади. Калом фасоҳатли бўлиши учун ҳар бир калимаси фасоҳатли бўлишидан ташқари қуйидаги учта айбдан холи бўлиши лозим:
- Калималар танофури (Гапнинг калималари жамланган кўринишда ўзаро мос тушмаслиги, чиқишмаслиги);
- Зоъфут таълиф (Гапнинг хато тузилганлиги);
- Таъқид (Гапнинг маъноси чигал бўлиши).
Каломнинг фасоҳати – барча калималари фасоҳатли бўлиши билан бир қаторда калималар танофури, зоъфут таълиф ва таъқид айбларидан холи бўлиши.
Танофурул калимот – каломнинг сўзлари ўзаро мос тушмаслиги, калималари биргаликда ўқилгандаталаффуз қилиш қийин, тилга оғир бўладиган каломдаги сифатдир.
في رفع عَرشِ الشرعِ مثلُك يشْرَعُ ....................................................
Бу гапнинг барча сўзлари алоҳида олганда фасоҳатли, лекин биргаликда талаффуз қилганда калималар орасида танофур рўй беради.
Ривоят қилинишича Ҳарб ибн Умайя саҳрода илон кўринишидаги бир жинни оёғи билан эзиб топтайди. Кейин шу жин унга қичқириши натижасида Ҳарб саҳрода ўлим топади. Ана шу жин қуйидагини айтади:
و قبرُ حربٍ بمكانٍ قَفرُ و ليس قُرْبَ قَبْرِ حَربٍ قبرُ
Ҳарбнинг қабри олис бир макондадир,
Ҳарбнинг қабри олдида бирор қабр йўқдир.
Байтнинг иккинчи мисрасида калималар биргаликда ўқилганда танофур бўлмоқда. Юқоридаги икки мисол шадид танофурга киради.
كريم متى أمْدحْهُ أمدحْه و الورى مَعي و إذا ما لُمْتُه لُمتُه وحدي
Мақталаётган киши Абул Ғойс Мусо ибн Иброҳим.
Маъноси: “у саховатлики, қачон уни мақтасам халойиқ ҳам мен билан бирга мақтайди, агар уни маломат қилсам, фақатгина ўзим маломат қиламан. Уни маломат қилишда халойиқ менга қўшилмайди”.
Зоъфут таълиф – калом машҳур, ҳамма иттифоқ қилган наҳв қоидаларига кўра жорий этилмаслиги.
Тузилиши заиф, хатоларга эга, таркибида машҳур наҳв қоидаларига зидлик мавжуд бўлган калом ҳам фасоҳатли калом бўла олмайди.
Таъқид – бирор сабаб туфайли каломнинг қасд қилинган маънога очиқ далолат қилмаслиги. Гапнинг маънога очиқ далолат қилмаслиги, унинг маъносини англаш қийин бўлиши таъқид дейилади.
Таъқид икки хил:
- Лафзий (лафзларнинг хато келтирилиши)
- Маънавий (гапнинг зоҳирий маъноси тушунарли, қасд қилинган маъноси эса махфий бўлиши)
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси