Қуръон ёдлаш фазилати
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур»(Исро, 9)
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги илоҳий таълимотларини қамраб олган китоб–Қуръони каримни қиёмат кунигача инсониятни икки дунё саодатига элтиш учун, энг тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил этди.
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур».
Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида энг тўғри йўлга йўллайди.
Қуръони карим ҳидояти ақида, эътиқод, маънавият, қадрият, руҳоният, мафкура бобидаги энг тўғри ҳидоятдир.
Қуръони карим ҳидояти инсоннинг ўзига, Роббига, бошқа инсонларга ва уни ўраб турган турли махлуқотларга нисбатан алоқаси қандай бўлишининг энг тўғри йўлини кўрсатади.
Қуръони карим ҳидояти инсоннинг бу дунёдаги ахлоқий, иқтисодий, ижтимоий, оилавий ва сиёсий ҳаётини энг тўғри йўлга бошловчи ҳидоятдир. Қуръони карим ҳидояти ҳаммани охират саодатига бошловчи энг тўғри ҳидоятдир.
Қуръони каримдан ўзга тўғри йўлга ҳидоят қилувчи ҳеч бир китоб йўқдир. Фақат Қуръони каримгина энг тўғри йўлга ҳидоят қила олади. Чунки борлиқни яратган зот ҳам, борлиқда инсонни ўзининг халифаси қилиб яратган зот ҳам Аллоҳдир.
Қуръони карим қалблардаги турли иллатларнинг–ҳиқду ҳасад, бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир.
Қуръони карим турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий, сиёсий ва бошқа касалликларга шифо бўлади.
Турли дардларга даво бўлувчи бу шифони борлиққа нозил қилган Зот борлиқни ўзи яратган ва унга қандай шифо кераклигини ҳам яхши билади. Бу дунё турли моддий ва маънавий касалликларга тўлиб тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳаммабоп давони Аллоҳ таолонинг ўзи нозил қилгандир.
Шунингдек, Қуръони карим мўминлар учун раҳмат ҳамдир. У ҳар бир нарсада–шахсий, ақидавий, оилавий, ижтимоий, халқаро, сиёсий, иқтисодий, сиҳҳий ва бошқа соҳаларда раҳматдир. Унга амал қилганлар ҳар тарафлама раҳматга сазовор бўладилар
Абдулмажид Султонмаҳмудов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси