Экстремизмнинг жамият хавфсизлигига таҳдиди
Хозирги кунда экстремистик ва террористик оқимлар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида турли йўллардан фойдаланмоқдалар. Айниқса, хозирда ахборот алмашинуви жадал суратда амалга оширилмоқда. Интернет тармоқлари орқали ҳам турли хил ғаразли мақсадларга эга бўлган маълумотлар тарқатилмоқда. Айни пайтда ахборот хуружидан ҳимояланишлик долзарб масалалардан бири бўлмоқда. Маънавий таҳдид деганда, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан маънавий-руҳий дунёсини издан чиқариш мақсад қилинган мафкуравий хуружлар тушунилади.
БМТ Ахборот маркази маълумотларига кўра, аҳолининг интернет билан қамралганлиги даражаси бўйичаИсландия дунёда етакчилик қилмокда. Бу мамлакатда аҳолининг 95 фоизи интернетдан фойдаланади. Йирик мамлакатлар орасида Германия энг катта кўрсаткичга эришган. Бу ерда аҳолининг 83 фоизи интернетдан фойдаланади. АҚШда бу кўрсаткич 77,9 фоиз, Россияда 49 фоиз ва Хитойда 38,3 фоиз. Гвинея, Нигер, Сомали, ДРК, Бурунди, Эфиопия, Мьянма ва Тимор-Леште давлатларида эса интернетдан фойдаланувчилар аҳолининг 1 фоизга яқинини ташкил зтади.
Маълумотларга кўра, хозир интернет сайтлари сони 270 миллиондан ортиқ. Энг оммавий қидирув тизимларидан бири Google сайти захирасида 40 миллиард саҳифага яқин ахборот сақланади.
Ха, интернет хаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаб улгурди. Бу яхши, албатта. Аммо у билан бирга ҳаётимизга "интернетга асирлик ёки боғланиб қолиш” тушунчаси хам кириб келди. Кўпгина ривожланган мамлакатларда бу ҳол катта ижтимоий муаммога айланган. Маълумки, янги технологиялардан фойдаланувчиларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Айримлари виртуал олам ичига шу даражада шўнғиб кетишдики, натижада реал воқеликдан виртуал оламни афзал кўра бошлашди. Бундай одамларда интернетдан узилиш улкан хавотир ва асабий холатни келтириб чиқаради.
Айрим ёшларимизнинг ижтимоий тармоқ сахифаларида турли мақсадлар билан кечаю-кундуз кезишлари, бир оз ёши кичикроқларнинг эса на ўзига, на ўзгага бир фойдаси тегадиган, тарбияга салбий таъсир этувчи ҳар хил ўйинлар билан вақт ўтказиши ҳақида бугун кўп гапирилмоқда. Албатта, биз бугун уни қоралаб, буни оқлаб, улғайиб келаётган ёш авлод учун фақат яхшисини илинар эканмиз, бу жараёнда юзага келадиган бўшлиқни фақат фойдали маълумотлар, хайрли машғулотлар билан тўлдиришимиз керак. Демак, турли хорижий ижтимоий сайтлар ўрнига ўзимизнинг миллатимиз менталитетига хос, динимизга мос миллий-маънавий қадриятларимизни мужассам этган ва албатта, уни кенг тарғиб эта оладиган, халқ эътиборини жалб этувчи сайтларни кўпайтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу иш келажакнинг эмас бугуннинг энг муҳим ишидир.
Мадаминов Шавкатжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи