Экстремистик оқимларнинг жамият барқарорлигига таҳдид
Ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш учун аҳоли ичида ва хорижий ахборот воситаларида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ҳолат ҳамда яширин гуруҳлар тузилиб, улар томонидан мутаассиблик руҳидаги диний ташвиқот юритилади ва натижада ижтимоий-сиёсий вазиятнинг беқарорлашув юз беради.
Динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш. Мутаассиб кучлар турли халқлар, ҳаттоки, цивилизациялар орасидаги ўзаро ишонч ва тинчликка раҳна солиш билан бир қаторда, бошқа диндагиларга нисбатан кескин ва салбий муносабатда бўлишга чақирадилар.
Аҳоли орасида ислом дини таълимотларига зид ғояларни тарқатиш. Бунда муқаддас ислом динидаги “шаҳид”, “жиҳод” каби тушунчалар ўзларининг ғаразли манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилинади. Бундай талқин динимизнинг гўёки, ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкишга асослангани ҳақидаги нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Ёшларнинг фаол ижтимоий куч экани уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош объектига айланишига олиб келди. Бунда уларнинг жамиятнинг ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган, ташқи таъсирларга тез берилувчан ва, айни пайтда, энг харакатчан қатлами экани инобатга олинмоқда.
Ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларда диний маълумотнинг етишмаслиги, уни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиш ҳамда ишонувчанлик, бирданига ва хамма нарсага (бойлик, шон-шухрат, мартаба ва х.к.) эга бўлишга харакат қилиш, илмий тилда айтганда, максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. “Сен бу ташкилотга кириш ёки мана бу вазифани бажариш билан алоҳида, ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган шарафли ишга қўл урган бўласан, керак бўлса, сен миллат, дин, инсониятнинг халоскорига айланасан!”, деган қарашларни сингдириш жараёни айнан мана шу каби хусусиятларга алоҳида эътибор берилаётганини кўрсатади. Ёшларнинг диний экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб, турли террорчилик амалиётлари иштирокчисига айланиб қолишларининг асосий сабаби, уларнинг на диний, на дунёвий билимга эга эмасликлари, соф ислом таълимотини билмасликларидир.
Ёшлар уларнинг руҳий хусусиятларини, яхши биладиган ва ўз ғаразли мақсадлари йўлида улардан усталик билан фойдаланаётган, ҳалифалик тузсак, барча муаммоларимиз ҳал бўлади, деб юрган ҳизбчилару, ота-боболаримиз мазҳабга амал килиб адашганлар, деган даъвони тарқатаётган саводсизларнинг сафсаталарига учиб, алданиб қолмокдалар, ўз хаётларини хатарга қўймоқдалар, ўз жонларига қасд қилмоқдалар.
Ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, ёшларни турли экстремистик оқимлар ва миссионерлик секталарига кириб қолишининг олдини олиш бўйича тадбирлар давлат ва жамоат ташкилотлари фаолияти билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилса, самарали натижаларга эришиш мумкин.
Солиев Комилжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти 2-курс талабси