Яратилиш санаси 08.11.2023

Шайтон етти жиҳатдан инсонни тоат-ибодатдан чалғитади, унга душманлик қилади.

1. Малъун инсонга: «Аллоҳ сенинг ибодатларингдан беҳожат. Аллоҳ таоло: “Кимки яхши амал қилса, ўзи учундир”, (Фуссилат сураси, 46-)оятини айтади ва Аллоҳ таоло карамли зот, ибодат қилмасанг ҳам сени кечиради», дейди. Банда: “Дунё – фоний, охират эса мангудир. Шу боис мен бу дунёда охиратим учун кўп эзгу амаллар қилиб олишим керак”, деб Аллоҳга боғланиб, шайтонни рад этиши керак.

2. Шайтон хайрли ишларни ортга суриб, инсонга бугун қилмай қўя қол, эртага қиласан, дейди. Шунда инсон Аллоҳга боғланиб, малъунни рад этади ва: “Ажалим қўлимда эмас, бугунги ишни эртага қўйсам, эртанги ишни қачон қиламан. Ҳар куннинг ўз иши бор”, дейди.

3. Шайтонни инсонни шоширади ва тез бўл, шуни-шуни қилиб қол, дейди. Банда Аллоҳ таолога боғланиб айтади: “Бир амални оз бўлса-да, оҳиста охирига етказиш чала-чулпа, шошиб кўп амал қилишдан яхшироқ”, деб рад этади.

4. Шайтон амални охирига етказиш учун риё қилишга ундайди. Инсон инсонлар зарар етказишга ҳам, фойда беришга ҳам қодир эмас. Зарар берувчи ҳам, фойда келтирувчи ҳам, шубҳасиз, Аллоҳ таолодир, дея малъунни рад этади.

5. Шайтон сени огоҳлантирмаяпман, сенга ақл ҳам ўргатмаяпман, балки ҳеч танбеҳ бермаган танбеҳни беряпман: “Сен ўз-ўзингдан ғурурлан”, дейди. Шунда инсон: “Миннат фақат Аллоҳ таолога хосдир. У зот мени тавфиқ этди, амалимнинг қийматини Ўз фазли билан оширди, агар У зотнинг фазли бўлмаса, бизнинг амалимизда қиймат ҳам бўлмайди. Бу Аллоҳнинг неъматидир”, деб малъунни рад этади ва Аллоҳга йўналади.

6. “Махфий ҳолда бўлса ҳам жидду жаҳд қил, тириш. Бу ишингни Аллоҳ таоло ошкор қилади ва сени одамлар орасида шарафли қилиб қўяди”, дейди ва бу билан инсонни енгил риёга чорлайди. Агар инсон Аллоҳ таолога йўналиб: “Мен Аллоҳнинг қулиман, у менинг Хожам. Агар у Зот хоҳласа, менинг амалларимни ошкор қилади, хоҳласа, махфий қилади. Мени шарафли қилувчи ҳам, ҳақир қилувчи ҳам Ўзидир”, деса, малъунни рад этган бўлади.

7. Шайтон: “Сенинг бу амалга ҳожатинг йўқ. Сен бахтли қилиб яратилгансан, бу амални қилмасанг ҳам сенга зарар етмайди. Агар бадбахт қилиб яратилган бўлсанг, бу амал фойда ҳам бермайди. Шундай экан, нега тинмайсан, роҳатни тарк этасан, ўзингга зарар келтирасан”, дейди.

Инсон Аллоҳга йўналиб, малъунни: “Мен бандаман, қул Хожасининг амрларига бўйсуниши керак, Раб Ўзининг тарбияловчи эканини яхши билади ва хоҳлаганидек ҳукм қилади, истагани амалга оширади. Менга, қандай ҳолатда бўлишимдан қатъи назар, қилган амалларим фойда беради. Агар бахтли бўлсам, амалларимни янада кўпайтириб, савобларга эришишим керак. Агар бадбахт бўлсам, нафсимни кўпроқ маломат қилиб, Аллоҳ таолодан мени ҳар бир ҳолатимда тоат-ибодатга йўналтиришини сўрашим керак. Чунки Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ, сўзи рост. Ким Аллоҳ таолога имон ва тоат билан йўлиқса, уни асло дўзахга киритмайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Айтурлар: “Бизларга рост ваъда қилган ва бизларни (бу) ерга ворис қилган Аллоҳга ҳамдки, жаннатдан ўзимиз хоҳлаган ердан ўрин оляпмиз”, – дерлар. Бас, (шу дунёда солиҳ) амал қилувчиларнинг (жаннатдаги) мукофоти нақадар яхшидир!» (Зумар сураси, 74-оят).

Шайтон васвасасини даф этиш учун кўпроқ у малъуннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш лозим. 

Раимов Абдуваҳҳоб

"Хидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти 4-курс талабаси