Мазхабсизлик – динсизликка йўл
Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳни ижтиҳод қилганлари ва юқорида зикр қилинган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар динга зарар келтирувчи шахсий ихтилофлар деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар. Гоҳ-гоҳида фиқҳий мазҳабни инкор қилиб мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар ўзларича фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуксон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуғ масҳаббош имомларга тил теккизишгача етиб борадилар.
Бу ҳакда Робитатул Оламий Исломия фиқҳ академияси мудири, доктор Аҳмад Муҳаммад Мукрий ўз мақолаларидан бирида шундай ёзади: «Вақти-вақти билан ислом фиқҳини ўз илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда, бундай танқидлар, уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади.»
Мазҳабсизлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар, гуруҳлар ва фирқалар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол, чунки ихтилофларнинг асл манбаи мана шу мазҳаб ва фирқалардир.
Аброрҳўжа Рашидов
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ходими