Яратилиш санаси 26.11.2023

Илм ва уламоларнинг фазилати

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни берган, уларнинг ҳаммаси ҳам бир-биридан қадрли ва фазилатлидир. Сон-саноқсиз неъматлар ичида инсониятнинг бошқа махлуқотлардан ажралиб, юқори мартабаларда туришига сабаб бўладиган хусусиятлардан бири, шубҳасиз, унинг илм соҳиби бўлишидир. Чунки илм рағбат қилинган нарсаларнинг энг шарафлиси, орзу этилишидан ташқари, қўлга киритилиши учун жидду жаҳд қилишга ундалган нарсаларнинг энг устуни ва эришилган нарсаларнинг энг фойдаси кўпроғидир.

Илм ёшликда соҳибига истиқомат йўлини кўрсатади. Улғайганда эса уни халқнинг пешвосига айлантиради. Яна илм ботил ва фосид амалларни мағлуб этади, орзу – мақсадларни рўёбга чиқаради.

Илмнинг фазилати ва шароитини баён этувчи оятлар, ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Қуйида шулардан бир қанчасини келтирамиз.

Аввало шариатимиз масдари ва манбаси бўлган Қуръони каримга мурожаат қиламиз:

Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар”. 
(Оли Имрон, 18).

Демак, Аллоҳ таоло ўзидан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқлигига аввало Ўзи, сўнгра муқарраб бандалари бўлган фаришталар, сўнгра бевосита илм эгалари бўлган олимлар гувоҳлик беряптилар. Илм эгаларининг Аллоҳ ҳузуридаги фазилатларини томоша қилинг!

Айтинг: Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Зумар, 9).

Албатта, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқар” (Фотир, 28).

“(Эй Муҳаммад) айтинг: “Парвардигорим, илмимни янада зиёда қил!” (Тоҳа, 114).

Илмнинг фазилатининг нечоғлик юксаклигини ояти карималар орқали билиб олдик. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тўғридаги ҳадиси шарифлари билан ҳам танишиб чиқиш биз учун улкан шарафдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

“Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”. (Абу     Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари). 

Маълумки, пайғамбарликдан улуғроқ мартаба йўқ, шунинг учун уламоларга пайғамбарларга меросхўр бўлиш шарафдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

“Олим учун еру осмондаги барча жонзотлар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади” (Абу Довуд ривояти).

Абу Умома ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “олимнинг обиддан устунлиги менинг сизларнинг энг паст даражангиздагидан устунлигим кабидир” (Термизий ривояти).                                                   

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч тоифа қиёмат куни шафоат қилади: пайғамбарлар, уламолар, шаҳидлар” (Ибн Можа ривояти).

Софватуллоҳ Қаюмов 

Билим юрти мударриси