Яратилиш санаси 11.12.2023

НАМОЗДА ҚЎЛ БОҒЛАШ КЎРИНИШИ

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда турган киши қўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳни саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим”, (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). “Эълоус сунан” китобида бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир дейилган. Яна бир ривоятда шундай келади:

Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти). 

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: “Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан “Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламданми?” деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдандир”,- деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган”. 

Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш - суннатдир” (Имом Абу Довуд ривояти). 

Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари юқоридаги ҳадисларга асосланиб, эркаклар қўлларини киндик остида тутадилар дейишган. Қолаверса ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир. 

Исоқхўжа Турсунов,
Билим юрти ходимм