Яратилиш санаси 12.12.2023

ТАКФИР (КОФИРГА ЧИҚАРИШ) МУСУЛМОН УММАТИ БИРЛИГИГА РАҲНА СОЛАДИ

Сохта салафийлар тарафидан хозирги кунда кенг таркатилган фитналардан бири кишини гуноҳ туфайли кофирга чикаришдир. Аввало, бировни "кофир" дейишга асло  шошилмаслик керак. Бу сўз жуда кучли ва аниқ далил асосида бўлиши лозим. Шошилиш, жаҳл - ғазаб ва ҳиссиётларга берилиб бировни "кофирсан" дейиш шариатимизда жуда катта гуноҳ саналади .

Қолаверса, бировни кофир дейишдан олдин айтган одамнинг бу сўз билан ўзи ҳам имонидан ажраб қолиш эҳтимоли борлигини назардан четда қолдирмаслиги керак. Инсон агар динидан чиқиб кофир бўлса (Аллоҳ сақласин), унинг илгари қилган барча яхши амаллари, ибодатлари пучга чиқади. Шариат ҳукми бўйича оиласидаги никоҳ бузилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анхудан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайхи васаллам: "Қайси бир киши биродарига "эй кофир" деб айтса, (у сўз) икковларидан бирига  қайтади . Ушбу ҳадиснинг зохирига биноан мусулмонга қарата "эй кофир" деган кишининг ўзи кофир бўлади, деганлар ҳам бор. Аммо жумҳур уламо "Сўкиниш ниятида айтган бўлса, кофир бўлмайди-ю , лекин таъзирга мустахик бўлади. Аммо ўша мусулмонни кофир деб эътиқод қилган бўлса, унда бу сўзни айтувчининг ўзи  кофир бўлади" деганлар. 

Афсуски, хозирги кунда мусулмонни гуноҳ сабабли кофир дейдиганлар учрамоқда. Ақоид китобларимизда келтирилишича, жумҳур суннат аҳли қибла аҳлини куфрга хукм этмасликка иттифоқ қилганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа роҳимахуллоҳ "Ал-Фиқҳул акбар"да бундай дейдилар: "Биз бирорта мусулмонни бирор гуноҳ сабабли, гарчи у кабира бўлса ҳам, модомики ўша гуноҳни ҳалол санамас экан, кофир демаймиз. Ва ундан имон исмини олиб ташламаймиз. Балки уни ҳақиқатан мўмин деб атаймиз. Киши кофир эмас, балки фосик мўмин бўлиши мумкиндир" .   

Имом Ахмад ибн Ханбал роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Бир нарсани вожиб ёки харом дейишлик, бировга савоб ёки азоб  беришли, бировни кофир ёки фосиқ деб хукм қилишлик Аллоҳнинг ишидир!  Бу бизнинг ишимиз эмас. Биз фақат Аллоҳ ва Унинг Росули  харом  деганни "ҳаром" деймиз ,  халол деганини "халол" деймиз". Бундайин гўзал ва ҳикматли сўзлар эътиқодимизда мустахкам булса , мусулмон уммати бирлиги ҳам мустаҳкам бўлади.

Аброрхўжа Рашидов,
Билим юрти ходими