Яратилиш санаси 17.12.2023

Сохта тариқатчиларнинг нотўғри қарашлари...

Тариқат сўзи арабча «طريقه» йўл, усул — сўфийликка хос тушунча бўлиб, Уч маънода ишлатилади:

1) умуман сўфийлик йўли;

2) сўфийликнинг муайян тармоғи, йўналиши; 

3) сўфийлик босқичларидан бири. 

Сўфийликнинг босқичи сифатида Тариқат сўфийлар олдига қўйиладиган ўзига хос талаблар мажмуасини, хилма-хил руҳий-жисмоний хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади.Тарихда тасаввуф тариқатларини нотўғри тушуниш ва талқин қилиш натижасида баъзи мутаассибликка берилиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Тасаввуфда Тарийқатлар кўп бўлган, мас, тайфурия, қодирия, суҳравардийлик, бектошия ва бошқалар. Ўрта Осиёда нақшбандия, кубровийлик, яссавийлик Тариқатлари тарқалган.Ҳозиргача айрим Шарқ мамлакатларида сақланиб келаётган қодирия (Эрон ва Афғонистонда), рифоия (Эрон), тайфурия (араб мамлакатлари), мавлавия (Туркия), чиштия(Ҳиндистон, Покистон), бектошия (Туркия), сафавия (Эрон) ва бошқа шулар жумласидандир. Ўрта осиёда эса,илгаридан нақшбандийлик, кубровийлик,яссавийлик тариқатлари тарқалган.

Аммо бугунги кунда сохта обрў топиш, маслакдошларини йиғиш мақсадида айрим кишилар тариқат номидан иш тутиб, пирлик даъвосини қилиб келмоқда. Улар томонидан шариат талабларининг нотўғри талқин қилиниши, анъанавий ислом тамойилларига карама-қарши бўлган қоидалар ишлаб чиқилиши ва тариқат тарафдори бўлмаганларга нисбатан камситиш билан қаралиши диний муассаса ходимлари ва аҳолиси ўртасида айрим норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Ажабки, уларнинг йўлини тутадиганлар ҳам топилар экан. Аксарият ҳолларда тарафдорлар сонининг ортиб бориши амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид равишда амалга оширилмоқда. Аниқки, уларнинг услублари ва таълимоти узоқ асрлардан бери гуркираб келаётган Нақшбандия тариқатига кўпам тўғри келмайди. Муридлар томонидан пирни муқаддас билиш, унинг измидан чиқмай қолиш, ўрни келганда оиласини унутиб, пирнинг эшигида узоқ йиллар хизмат қилиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Қўл берган пирининг таҳоратидан қолган сувни муқаддас деб истеъмол қилиш, пир таом еган косани чайиб ичиш ва бу ишлар гуноҳлардан поклайди деб ишониш, уни ўзларига раҳнамо сифатида қабул қилиш ҳоллари оддий ҳолга айланиб улгурди. Қибла тарафга оёқ узатиш мумкину пирнинг уйи томонга оёқ узатишни гуноҳ деб ҳисоблаш ҳам шундай.

Ўз навбатида сохта тариқатчи тарафдорлари томонидан турли фарқаланишлар ва анъанавий ислом тамойилларининг бузилиши ҳолатларини ҳам кўриш мумкин. Расмий имомлар томонидан шариатнинг бузилишига боғлиқ жиҳатларга эътироз билдирилган. Шунингдек, уламолар томонидан раддиялар берилган.

Жумладан, ясама (тилла, кўмиш) тиш қўйган имомнинг таҳорати мукаммал бўлмайди деб ҳисоблаб, уларнинг оркасида намоз ўқимаслик, қўлни ювгандан кейин артиш мумкин эмас деган иддаолар, жамоат намозларидан кейин Қуръони карим тиловатини макруҳ деб билиш, чап қўл билан синдирилган нонни емаслик, пири йўқнинг пири шайтон деб ишонтириш, пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилиши тарғиб қилиш, қўл берган одамнинг зиммасидан қазо бўлган (қолдирилган) намозларнинг соқит бўлиши, кечаси ўқиладиган таҳажжуд намозини фарз даражасига кўтариш, қўл ювгандан сўнг уни сочиққа артмаслик, сочни қириб юриш, узун соқол қўйиш, салласиз намоз ўқимаслик, калта иштон ва узун кўйлак кийиш, ички кийим киймаслик, пайпоқсиз намоз ўқимаслик, маҳси-ковушда юриш, мурид бўлмаган бошқа мусулмонларга нисбатан паст назар билан қараш ва уларни камситиш, жума намозига чиқмаслик, жамоъат намозини ўз тарафдорлари билан уйда ўқиш, ҳар қандай имомнинг ортида намоз ўқимаслик, муридидан бошқа кишининг тўй-маракаларига бормаслик, намоз ўқимайдиган одамнинг таомини емаслик, расмий имомларнинг амру маъруфларини менсимаслик, расмий   имомлар   фаолиятига  нисбатан ошкора норозиликларини билдириш каби хислатлари билан ажралиб туришади.

Бу каби илмсизлик билан ўйлаб чиқилган тариқат кишиларни ҳидоят нуридан узоқлаштириб, ғофиллик ботқоғига ботирмоқда. Улар ўзларининг номақбул хатти-ҳаракатлари билан муқаддас динимизшаънига доғ туширмоқдалар. Улар асл моҳиятдан узоқлашиб, ҳатто Қуръони карим ва суннати набавий асосида ташкил топган ислом шариатига ҳам тажовуз қилмоқдалар.

Абдулбоқи Турсунов

Билим юрти ўқув услубий бўлим бошлиғи