Яратилиш санаси 19.12.2023

Тасаввуф аҳлларининг фирқаланиши

Дарҳақиқат тасаввуф  тарихи бир теккис кечмаган. Ўз даврида сохта даъво билан чиққанлар, нотўғри даъволарни қилиб, тўғри эътиқодга зид бўлган қарашлар ўз ифодасини топди. Шу нуқтаи назардан Шайх Саййид Абдулқодир Жийлоний ўзининг “Сиррул асрор” китобида тасаввуф аҳлини икки тоифага ажратади. У биринчи тоифага “суннийлар” деб, иккинчи тоифага эса “бидъатчилар” деб ном беради. 

Суннийлар ҳақида у шундай деб ёзади: “Бу тоифа сўзда, амалда, шариат ва унинг маъноси бўлган тариқатда тамоман қоимдир”. Мазкур тоифадаги тариқат аҳли биринчи навбатда ақоиднинг тўғри қоидаларига тўлиқ амал қиладиган ва “шариатсиз тариқат бўлмайди” деган тамойилига амал қилган ҳолда унинг талабларини мукаммал бажарадиган кишилардир. Улар “аҳли суннат вал-жамоат” эътиқоди ичидадирлар.

“Бидъат аҳли” деб таърифланган иккинчи тоифадагилар эса ақоид ва шариат қоидаларидан бутунлай четга оғиб кетганлар бўлиб, улар турли-туман масалаларда суннийлар тутган амалларни инкор этадилар ва оқибатда бидъат аҳлидан бўлиб қоладилар. Бундай тоифа сирасига Шайх Саййид Абдулқодир Жийлоний қуйидаги “тариқат” йўналишларини киритади: ”ҳулулия, ҳолия, авлиёия, шамурония, ҳуббия, ҳурия, ибоҳия, мутақосима, мутажоҳила, воқифия, илҳомия”. 

Қуйида тасаввуф тараққиётининг илк даврларида вужудга келган хато эътиқодли, ислом меъёрларини бузган, айрим тариқатнинг нотўғри жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

1. Ҳулулия тариқати таълимотидагилар Яратувчи ўз яратгани билан хоҳласа бирлашади, унинг жисмига кўчади, хоҳламаса инфисол – ажралган ҳолда бўлади деган бузуқ эътиқодни илгари сурадилар.

2. Ҳолия. Бу тариқат аҳли сўфийда шундай бир ҳол борки, у шариат қоидаларидан устун туради, деган ғояни илгари суради. Улар ўша ҳолга кирган одам шариат қоидаларига бўйсинмаса бўлади, дейишади.

3. Авлиёия. Уларнинг фикрига кўра, валийлик мақомига етган кишилардан диний ҳукмлар соқит бўлади. Валийлик пайғамбарликдан устун туради, чунки пайғамбарлар Жаброил (а.с.) воситасида илм олсалар, валийлар воситасиз илмга етишадилар, деган сохта эътиқодда бўлишади. Бу даъволар уларни тўғридан тўғри куфрга етаклайди.

4. Шамурония. Буларнинг фикрига кўра, “суҳбат қадимдир ва суҳбат қилувчидан (шаръий) ҳукм ва тақиқлар масаласи кўтарилади”.

5. Ҳуббия. Аллоҳ билан бандаси ўртасидаги муносабатлар муҳаббат даражасига етгандан сўнг диний (шаръий) ҳукмлар улардан соқит бўлади ва энди банда одоб сақламаса ҳам ёки аврат жойларини беркитиб юрмаса ҳам бўлади, деган ғоя илгари сурилади.

6. Ҳурия. Булар рақс тушишни ва рақсда ҳушидан кетиб беҳуш ҳолларида ҳурлар билан қовушажагини даъво қиладилар. Шунинг учун улар рақсдан кейин ғусл қилиш лозим деб ҳисоблайдилар.

7. Ибоҳия. Булар амру маъруф ва наҳй мункарни инкор қиладилар ва ҳалолни ҳаром деб иддао қиладилар. Шунингдек, аёллар билан бирга бўлишни мубоҳ деб ҳисоблашади.

8. Мутақосима. Бу тоифа кишилари меҳнат қилиш шарт эмас деб ҳисоблайди ва уйма-уй кириб тиланчилик қилиш уларнинг дунё муҳаббатни тарк этганларига гувоҳ эмиш. (Ваҳоланки, ҳалол меҳнат қилиб касб-кор қилиш бошқа фарз ибодатлари қатори фарздир.)

9. Мутажоҳила. Булар фосиқ кишилар киядиган либосларни кийиш мумкин деб айтишади.

10. Воқифия. Улар билим фақат Аллоҳга хос, бандаси маърифатга эриша олмайди дея илм йўлини банда учун шарт эмас қилиб қўяди.

11. Илҳомия. Бу тоифа ҳам илм ўрганмайди ва илм ўрганмоқчи бўлган ёшларга таъқиқлар қўяди. Улар Қуръондан кўра шоиру донишлар сўзларини афзал кўрадилар. Улар ҳаддан ошиб, ҳатто “Қуръон бизга пардадир, тариқатнинг Қуръони шеърдир” деган фикрни айтишади ва Қуръонни тарк этишадилар. Бу билан улар ўзларига дўзахни нақд қилиб қўйишадилар.

Юқорида номлари зикр қилинган ботил тариқатлар Шайх Саййид Абдулқодир Жийлоний давридаги тариқатлар ҳисобланади. Ундан кейин ҳам бир қанча ботил тариқатлар пайдо бўлди ва уларнинг барчаси аҳли суннат вал жамоат эътиқоди бўйича кескин танқид остига олинди. Нотўғри бўлганлиги боис уларнинг аксарияти тарих саҳнасидан тушиб қолишди.

Муҳаммадали Каттабоев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири