Яратилиш санаси 14.01.2024

Ватан ҳимояси шарафли касбдир

Ҳар бир инсон учун асл Ватан ўз остонасидан бошланади. Ундан сўнг маҳалла, қишлоқ, шаҳар ва уларнинг бирикмасидан бутун бошли юрт, Ватан ташкилтопади. Шундан келиб чиқиб, хизмат ва ҳимоя ҳам шу йўналишда ташкил қилинади. Яъни, инсон аввало ўз уйи дахлсизлигини ҳар тарафлама таъминлай олиши керак. Оила аъзоларининг таъминоти, эмин-эркин ҳаёт кечиришлари ва ўзларининг шахсий эҳтиёжлари туфайли қилиниши лозим бўлган ишларни бемалол адо эта оладиган даражада хавфсизликларини таъминлаши керак.

Мазкур вазифаларнинг барчаси оила бошлиғи ва ҳимоячиси ҳисобланмиш эркакнинг зиммасида бўлади. Демак, ҳар бир хонадоннинг эркаги ўз хонадонида бўлиши керак бўлган барча шарт-шароитларни имконият даражасида юзага чиқарар экан, ўз-ўзидан маҳалла ҳам ҳар тарафлама обод бўлиб, тинчлик ва хотиржамликка эришади. 

Шу орқали бутун бошли юртда тинчлик, хотиржамлик ва осойишталикка эришилади. Чунки бундай ватаннинг бағридаги ҳар бир шахс ўзининг олдидаги бурч ва масъулиятларини бенуқсон адо этаётган бўлади.

Демак, Ватандаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун  юртнинг ҳар бир аъзоси ўз зиммасидаги масъулиятни тўла-тўкис ҳолатда амалга оширмоғи керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур»,  дейилган. (Имом Термизий ривоят қилган). Чунки ватан ҳам аслида мазкур нарсалардан ташкил топган бўлади. Яъни ҳар бир инсоннинг жони, дини, аҳли аёли, мол-дунёси, қўйингки бутун борлиғи ватанга боғлиқдир. Бизнинг шариатимизда эса мазкур нарсаларни ҳимоя қилиб, авайлаб-асраш динимизнинг асосий мақсадларидандир. Чунки инсоннинг азизу мукаррамлиги ҳам бошқа жонзотлардан фарқи ҳам одатда ана шу неъматлар туфайли бўлади. Бу неъматларнинг қўлдан кетиши Ватаннинг қўлдан кетиши демакдир.

Ушбу тушунчаларни ўзининг бутун вужудига сингдирган ҳар бир мўмин-мусулмон киши ўз ватанининг ҳимояси учун жон фидо қилмоқликни буюк шараф ва муқаддас бурч деб қабул қилади. Бу йўлдаги хизматини моддий манфаатлар ёки мансаб ва мартабалар учун эмас, балки инсонийлик бурчи ҳамда Яратган ризолиги учун амалга оширади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида, яъни: «Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди», дея марҳамат қилганлар. Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу  ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз? деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб):яъни: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман” дедилар”. 

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. 

Бунинг учун фарзандларимизни уларнинг ёшлигидан Ватанга муҳаббатли, дину-диёнатдан хабардор, илму маърифатли, касбу ҳунарли, жисмонан ва маънан баркамол қилиб тарбия бермоғимиз зарурдир. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: «Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган».

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашганлар. 

Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди. Юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини, муборак қонини фидо қилган ватанпарвар, халқпарвар инсонларнинг муҳаббати нақадар улуғ, имонлари қанчалик мустаҳкам экани яна бир бор кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бугун биз фарзандларимизга ана шу улуғларнинг она  Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ҳар қандай кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади

Аллоҳ таоло мустақил Юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва ҳалқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

Абдулазиз Бобамирзаев