Марҳумларни хотирлаш ва улар ҳаққига Қуръон ўқиш ҳукми...
Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст имомларидан Абу Жаъфар ат-Таҳовий “Ал-Ақидатут-Таҳовия” китобида: яъни: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтирадилар.
“Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор.
Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.
Имом Шофеий мазҳабидан машҳур гап ва Имом Молик етмайди, дейдилар. Лекин Шофеий мазҳаби уламолари ҳам агар ўқувчи қироатдан кейин унинг савобини маййитга етказишни Аллоҳдан сўраса, савоби ўлганларга етиб боришини айтишган.
Замондош олимлардан доктор Саъид Абдуллатиф Фуда “Шарҳул кабир ала Ақидатут Таҳовия” китобида шундай ёзади:
яъни: «Ибнул Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз (майитга) етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин (етказгин)”, деб дуога айлантирсин”, дейди».
Диққат қилсак, Ибнул Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади.
Муҳаммадхон Абдраҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси