Яратилиш санаси 10.01.2024

ДУО ТАҚДИРНИ ЎЗГАРТИРАДИМИ?

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, дуо нозил бўлган ва энди нозил бўладиган (касаллик, мусибат каби)ларда нафъ беради”, деганлар.

Салмон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса: “Қазони фақат дуо қайтаради, умрни фақат яхшиликлар зиёда қилади”, деганлар. (Термизий ривояти). 

Ушбу ҳадисларнинг зоҳиридан қазо-қадар ўзгариши тушунилади. Аммо Аҳли сунна вал жамоъа ақидасига кўра қазо-қадар ўзгармайди. Зоҳиридан қараганда икки бир бирига қарама қарши тушунча пайдо бўлмоқда.

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий: Баъзи одамлар қазо ва қадарга иймон келтириш сабабларга мурожаат қилишга ҳожат қолдирмайди деб ўйлайдилар. Масалан касал одам шифо топиш учун дори дармонга муҳтож эмас. Чунки унинг тақдирида шифо топиш ёзилган бўлса, шифо топаверади. Ризқ тақдирга ёзилган бўлса, Аллоҳ ризқ бераверади, касбга – ишлашга ҳожат йўқ деб ўйлайдилар. Бу нотўғри эътиқоддир.

Чунки тақдирда фақат натижалар ёзилган эмас. Балки натижаларга олиб борувчи сабаблар ҳам ёзилган. Ҳамма нарса тақдирда битилган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар нарса тақдир биландир. Ҳатто ожизлик ва топқирлик ҳам”, деганлар. (Табароний ривояти).

Шунга кўра бир инсонга касаллик етиши Аллоҳнинг тақдири билан бўлгани каби, унинг табибга ва дори дармонга мурожаат қилиб, шифо топиши ҳам тақдир биландир.

Масалан Аллоҳ таоло Собиқ азалий илмида фалон банданинг муаййан вақтда касаллик чангалига тушишини билган. Ҳудди шунингдек, ўша фалончи Аллоҳга тазарруъ қилиб, шифо сўрашини ёхуд садақотлар қилиб, унинг баракотидан шифо беришини сўрашини билган. Ҳамда унинг дуосини ижобат қилиши ёхуд ажали етгани сабаб дуосини ижобат қилмаслигини ҳам билган. Хуллас мазкур воқеъалар силсиласининг ҳаммаси тақдирда мавжуддир.

Хулоса қилиб айтганда тақдирни ўзгартирувчи дуонинг ўзи ҳам тақдирда битилгандир.

Исоқҳўжа Турсунов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими