Яратилиш санаси 23.01.2024

ЖИСМОНАН СОҒЛОМ ЁШЛАР ЮРТНИНГ БУЮК КЕЛАЖАГИ ГАРОВИДИР

Тарихдан маълумки, барча буюк давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади. Ҳар бир ота-она ҳам ўз навбатида фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Шундай экан, ота-она ўз фарзандининг ёшлик чоғини мазмунли, намунали, фойдали ишлар ва савобли амаллар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим.

Ислом динида болаларни ҳали болалигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Киши ўз фарзандини тарбия қилиб бир нарса ўргатиши – бир соъни садақа қилишидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривоятлари).

  Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ёшларимизнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб,  уларга касб-ҳунарни ўргатишимиз – айни муддаодир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб-ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар:“Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривоятлари).

Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” – деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, – дейишди. Шунда Ҳасан Басрий р.а: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат, касаллик етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, – деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври – қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни иймон ва илм-маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

Ҳар бир киши фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлар экан, фарзандини ёшлигиданоқ одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, қайси мазҳабда маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлар ва кимсалар фитналаридан сақланиши ва бошқа зарурий нарсаларни ўргатиши ҳам лозим бўлади.

Ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласиндандир.

Жумладан, муҳтарам президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024-йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги ҳам юртимизда ёшларни илм олишига қанчалик эътибор қаратилганлигига яққол далил десак адашмаган бўламиз..

Зеро, иймон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Умид қиламизки, ушбу ташаббуслар яқин тарихимизда ўзининг самарасини беради.

 Абдулазиз Бобамирзаев