Яратилиш санаси 31.01.2024

ЖУМА НАМОЗИ ФАРЗ БЎЛГАН КИШИЛАР

Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эҳтилом бўлувчига Жумага бориш лозимдир. Ҳар бир Жумага борувчига ғусл лозимдир», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, Жума намози ҳар бир балоғатга етган эркак мусулмон шахсга фарздир. Балоғатга етган мусулмон эркак узрсиз Жума намозини тарк қилса гуноҳкори азим бўлади. Жумага борувчи ҳар бир шахс ғусл қилиб бориши лозим. Чунки кўпчилик жамланадиган, бирга ваъз-насиҳат эшитиб, намоз ўқийдиган жойга ҳамма ғусл қилиб покланиб бормаса, турли ҳидлар тарқаб, нохуш ҳолат юзага келади. Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, ҳар Жума куни ғусл қилиб, Жума намозига боришимиз лозим. 

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат ила Жума (ўқимоқ) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир. Магар тўрт киши –мамлук, яъни, қул, аёл киши, ёш бола ва бемор мустаснодир», дедилар». Абу Довуд, Байҳақий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик. Ториқ ибн Шиҳоб ибн Абу Шамс ибн Салама ал-Бажалий ал-Аҳмасий, кунялари Абу Абдуллоҳ. Ториқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдилар-у, лекин суҳбатларида бўлмаганлар. Ҳадисларини тўртта халифа ва бир нечта саҳобалардан ривоят қилдилар. Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб даврларидаги 33 та ғазотда иштирок этдилар. Ториқ ибн Шиҳоб Куфада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 83-йили вафот этдилар. Ушбу ҳадиси шарифда Жума намози ҳар бир мусулмон шахсга фарз экани қаттиқ таъкидланмоқда. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз услубларидан «Ҳақдир, вожибдир», деб айтишларидан ҳам билиб оламиз. Шу билан бирга ушбу ҳадиси шарифда Жумага бориши узрли бўлган шахслар ҳам зикр этилмоқда. Мазкур тоифадаги кишилар Жумага бормасликлари мумкин:

1. «Мамлук, яъни, қул» Бировнинг мулки бўлмиш қул кишиларга Жума фарз бўлмайди. Чунки Жумага бориш алоҳида қўшимча ҳаракат, сарфиёт ва бошқа нарсаларни тақозо қилади. Қул кишилар, ўз ҳолатларига биноан бу нарсаларда ортиқча қийинчиликларга дуч келадилар. Шунинг учун уларга енгиллик яратиш учун Жума намозига боришлари фарз қилинмаган.

2. «Ёш бола» Балоғатга етмаган ёш бола, бошқа ибодатларни қилиши ҳам фарз эмас. Ёш бола, мукаллаф эмас. Бинобарин, унга Жума намози ҳам фарз эмас.

3. «Аёл киши» Исломий ҳаёт тарзида аёл кишининг ўзига яраша ҳолатлари, вазифалари бор. Ана ўшалар эътиборидан муслима аёлларга Жума намози фарз қилинмаган.

4. «Бемор» Ислом енгиллик дини. Кишиларни тоқатдан ташқари нарсаларга таклиф қилмайди. Жумага бориш беморга оғир бўлса, у бормаслиги мумкин. Ушбу ҳадислар ва бошқа шу маънодаги далилларни тўлиқ ўрганиб чиққан уламоларимиз, хусусан, маълум ва машҳур тўрт сунний мазҳаб имомлари Жума намозини адо этиш фарзи айн – ҳар бир шахсга алоҳида фарздир, дейдилар.

Исмоилов Акрамжон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси