Ҳақ устида собитқадамлик ва иймон
Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга Исломда шундай бир сўз айтингки, у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳга иймон келтирдим, деб айтгин-да, сўнгра тўғри йўлда юр! (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган жавомеул калим (қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалаш) мўъжизасининг ажойиб намунасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийнинг саволига икки оғиз сўз билан жавоб бердилар ва мана шу икки калимада Ислом асосларини баён этдилар: Иймон ва ҳақ устида собитқадам туриш. Маълумки, Ислом тавҳид ва итоатдан иборат. Тавҳид Аллоҳга иймон келтириш билан юзага келса, итоат тўғри йўлда юриш билан бўлади. Зеро, у шариат буйруқларига тўла бўйсуниб, қайтарилган амаллардан йироқ юрмоқдир. Иймон, Эҳсон ва Ислом каби қалб ҳамда бадан амали ушбу доира ичига киради. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!” (Фуссилат сураси, 6-оят).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Тўғри йўлда юриш нима дегани?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга иймон келтирдим, дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!” - дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Раббим - Аллоҳ!” дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!” дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари қуйидаги оятлардан олингандир: “Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб сўнгра тўғри йўлда юрган зотларнинг олдиларига (ўлим пайти) фаришталар тушиб, дерлар: “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” (Фуссилат сураси, 30-оят).
“Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деган, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар”. (Аҳқоф сураси, 13-оят).
Абу Бакр разияллоҳу анҳу “Сўнгра тўғри йўлда устивор бўлганлар...” оятини қуйидагича шарҳлаганлар: “Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. Аллоҳдан ўзга биронта илоҳга юзланмадилар. Аллоҳ таоло - Парвардигоримиз, деб собит турдилар”. Умар разияллоҳу анҳу юқоридаги оятни минбарда туриб тиловат қилдилар-да, бундай дедилар: “Улар Аллоҳ таолонинг тоатида собит турдилар. Тулкига ўхшаб йўлда эгри-бугри юрмадилар”.
Юқоридаги сўзларда комил тавҳид устида устивор туриш таъкидланаяпти. Қушайрий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик ишларни камолга етказувчи бир даражадир. У мавжуд бўлиши билан яхшиликлар юзага келади ва тартибга тушади. Ҳақ йўлда собит бўлмаган киши охир-оқибат муваффақиятсизликка учрайди”.
Тўғри йўлда устивор туришга фақат улуғ инсонларгина қодир бўладилар. Чунки у одат ва кўникмалардан ажралиб, Парвардигор қаршисида содиқ бўлиб турмоқдир.
Воситий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик шундай бир сифатки, у билан хайрли ишлар камолига етади”.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик бу тўғри йўл-ҳақ дин устида ўнгу сўлга бурилмасдан, оғишмасдан собит қадам ташламоқдир. У барча зоҳирий ва ботиний тоат-ибодатларни ҳам, жамики қайтариқларни ҳам ўз ичига олади. Демак, Пайғамбаримизнинг ушбу васиятлари барча хайрли хислатларни ўзида мужассам этган”.
Каримов Камолиддин
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси