Ишора билан тафсир қилиш…(2 қисм)
Ишора билан қилинган тафсир мисолида Наср сурасини келтирилади, унда Аллоҳ таоло, Пайғамбари алайҳи саломга: “Раббингни мақтовлар билан номини поклагин (тасбеҳ айтгин) ва истиғфор қилгин, дарҳақиқат, У зот тавбаларни қабул қилувчидир”, дейилган. Шу оятга ёшлари катта саҳобалар бир-бирига ўҳшаш тафсир бераётганларида ёш Ибни Аббос буткул бошқа маъно берганлар, айтдиларки: “Бу оят жаноб Расулуллоҳ алайҳи саломнинг вафотлари яқинлашганлигидан ишора эди”, буни эшитган саҳобалар дарров ҳазрати Умар р.а.дан сўраганларида: “Эй (Ибни Аббос), мен ҳам сен айтган маънодан бошқасини билмайман” дедилар.
Шуни ҳужжат қилиб баъзи олимлар, ишора билан тафсир қилса бўлаверади дейдилар. Аммо бошқалари эса бундай тафсирдан ман қиладилар.
Тафсирларда турли ривоятлар келтирилганда нима қилайлик, бири, бундай тафсир бўлади бошқаси бўлмайди деса биз нима йўл тутамиз, тафсир қилинган оятларни қабул қиламизми?, деганб саволга, алломаи Суютий ўзларининг “Итқон” деб номлаган китобларида Ибни Атонинг сўзларини келтирадилар, биз бу кишининг айтганларини эса иқтибос қилиб жавоб тариқасида келтирамиз: “Бу (ишоравий) тафсир турида оятларга келтирилган маънолар аслий зоҳирий маъноларни ўзгарттириб, янги, зоҳирий маъноларни кашф қилиш дегани эмас. Оятларнинг зоҳирий маънолари маълум ва тушунарли. Ҳамма нарсанинг ташқи ва ичи бўлгани каби уларнинг ҳам ички, ботиний маънолари бор, уларни эса қалб кўзи очилган кишилар тушунадилар. Ишора билан тафсир қилганлар зоҳирий маънодан ташқари чиқиб бундан бошқа маъно йўқ деб даъво қилмаяптилар балки зоҳирини зоҳир деб, ботинини эса тушунганларича айтяптилар”.
Бу тафсир турига дахлдор тафсир китоблари:
1. Муҳиюддин ибн Арабийнинг “Тафсир Ибн Арабий”.
2. Шиҳабуддин Муҳаммад ал-Олусининг “Руҳул-Маъаний”, (Тафсирул-Олусий).
Демак, бу маълумотлардан келиб чиқиб тафсирларнинг асосан биринчи икки туридан фойдаланиш ишончлироқ эканлиги келиб чиқади.
Муҳаммадхон Абдураҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси